Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инновация: янги ғоялар ривожланишга боғлайди
2017-04-27 | Жамият
Инновация, ишлаб чиқариш ва илм-фан ривожи тараққиёт омилларидан бири.
Амалиётчилар билан олимларнинг ҳамкорлиги бу борада катта аҳамиятга эга. Андижон машинасозлик институтида бўлиб ўтган республика илмий-техникавий конференцияси айни шу мавзуга бағишланди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “GM Uzbekistan” АЖ ва Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур анжуман машинасозликда инновацион муаммоларни муҳокама қилиш, ишлаб чиқариш, таълим ва фан интеграциясини амалга оширишга қаратилди. Унда республикамиздаги олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлари ва талабалар 400 дан ортиқ мақолалари билан иштирок этди.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари C.Исмоилов кейинги йилларда республикамизда инновацион ғояларни амалиётга жорий этиш, янгилик яратувчиларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, замонавий лойиҳалардан ишлаб чиқаришда кенг фойдаланилаётганини таъкидлади. Хусусан, Андижон машинасозлик институти билан “Узавтосаноат” АК таркибидаги машинасозлик корхоналари ўртасидаги ҳамкорлик андижонлик олимларни янги ташаббусларга бошлаётгани билан табриклади.
Тўрт йўналишда давом этган анжуманда ихтирочи талабаларнинг илмий изланишлари ҳам ўрганилди. Айниқса, машинасозлик саноати ривожига қаратилган лойиҳалар иштирокчиларда қизиқиш уйғотди. Тадбир доирасида ташкил этилган кўргазмалардан ўрин олган ишланмалар мутахассислар томонидан юқори баҳоланди.
-Ихтирочи- талабаларни доим қўллаб-қувватлаймиз,-дейди “GM Uzbekistan” АЖ ходимлар бошқаруви дирекцияси ташкилий ривожлантириш бўлинмаси бошлиғи Шавкатбек Йўлдошев.- Бугунги семинарда автомобилсозликни ривожлантириш йўлида изланаётган йигирмадан ортиқ иқтидорли ёшларни сафимизга қўшишни режалаштирдик. Уларни ҳозирдан амалий ишларга йўналтирамиз. Айни вақтда хорижий давлатларда малака ошириб келган ўқитувчилар корхонамиз ишчиларига соҳадаги янгиликларни етказиб бораётгани ўз самарасини бермоқда.
Кечга қадар давом этган тадбирда иштирокчилар кўплаб янгиликлардан хабардор бўлдилар.
Манба: Андижон вилояти ҳокимлиги