Мусиқа миллат ва чегара билмайди. Бу санъат эзгу ғояларнинг қарор топиши, маънавиятни юксалтириш, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашда муҳим восита ҳисобланади.
"Ўзбекистон" халқаро анжуманлар саройида таниқли дирижёр Владимир Спиваков раҳбарлигидаги Россия Миллий филармоник оркестрининг концертида ана шу жиҳатлар яна бир карра ўз ифодасини топди.
Мамлакатимизда мусиқа санъатининг барча жанр ва йўналишларини изчил ривожлантириш, ёш истеъдодларни камолга етказиш, ижодкорларнинг халқаро ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш доимий эътиборда бўлиб келмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4-5 апрель кунлари Россия Федерациясига амалга оширган давлат ташрифи чоғида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ўзаро алоқаларни иқтисодий соҳа билан бирга ижтимоий-гуманитар, маданий-маърифий жабҳаларда ҳам янада кенгайтиришга келишиб олинди.
Россия Федерациясининг театр, тасвирий санъат, мусиқа, балет санъати соҳаси вакиллари юртимизда ташкил этилаётган ижодий танловлар, кўрик-фестиваллар, халқаро биенналеларда қатнашиши анъанага айланган. Ўзбекистон маданияти ва санъатини намойиш этувчи кўргазмалар, концертлар, мусиқий тақдимотлар Россияда муваффақият билан ўтказиб келинмоқда.
"Баҳор нафаси" халқаро санъат фестивали доирасида "Ўзбекистон" халқаро анжуманлар саройида моҳир дирижёр, Россия Федерацияси халқ артисти, Мюнхен филармоник оркестри бош дирижёри Валерий Гергиев бошчилигида Санкт-Петербургнинг Мариинский театри филармоник оркестрининг концерт дастури катта муваффақият билан намойиш этилган бўлса, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрида россиялик балет усталари билан ҳамкорликда ўтган "Кармен-сюита" мусиқий дастури санъат ихлосмандларига бир олам завқ улашди.
Моҳир скрипкачи ва дирижёр Владимир Спиваков мусиқа ихлосмандларига яхши таниш бўлган "Виртуози Москви" оркестрини салкам қирқ йил олдин ташкил этган. Классик мусиқа, унинг моҳияти, теран фалсафасини, бор жозибасию мафтункорлигини томошабинларга маҳорат билан етказа олувчи маэстро жаҳоннинг машҳур концерт залларида мусиқий дастурини тақдим этган. Нуфузли халқаро танловларда муваффақият қозонган. У Франциянинг Кольмар шаҳрида халқаро мусиқа фестивалига раҳбарлик қилган. Дирижёр томонидан тузилган махсус хайрия жамғармаси истеъдодли ёшларга кўмаклашиш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашдек инсонпарвар мақсадларни кўзлайди. "Владимир Спиваков таклиф этади..." халқаро танлови ҳар икки йилда бир марта ўтказиб келинмоқда. 2003 йил мусиқачи Россия Миллий филармоник оркестрини ташкил этди. Россиянинг етакчи оркестрларидан бўлган мазкур ижодий жамоа дунёнинг машҳур дирижёр ва мусиқачилари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. В.Спиваков 2000 йил мамлакатимизда "Виртуози Москви" оркестри билан, 2011 йил МДҲ давлатлари ёш мусиқачилари оркестрига дирижёрлиги иштирокида берган концертлари мамлакатимиз мусиқа ихлосмандлари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинган.
"Баҳор нафаси" халқаро санъат фестивали доирасида ташкил этилган бу йилги концертда Россиянинг Большой театри опера труппаси солисти, халқаро танловлар совриндори Анна Аглатова (сопрано), Москва шаҳридаги Е.Колобова номидаги "Новая опера" театри солисти Василий Ладюк (баритон) ҳамда Ўзбекистон халқ артисти Рамиз Усмонов (тенор) иштирок этгани давлатларимиз ўртасида мусиқа санъати соҳасидаги ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бораётганини англатади.
– Ўзбекистонга келганимдан, ўзбек томошабинлари билан яна учрашаётганимдан ғоят мамнунман, – дейди Владимир Спиваков. – Серқуёш, меҳмондўст, бой тарихий, маданий-маърифий, илмий меросга эга бу диёр юрагимнинг бир бўлагига айланиб қолган. Ўзбекистон истеъдодларга бой мамлакат. Ушбу концерт маданий алоқаларимизни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳташам залда томошабинлар Россинининг "Севильялик сартарош", Доницеттининг "Дон Паскуале", Вердининг "Сицилия оқшоми", "Риголетто", Бизенинг "Кармен" каби операларидан ижро этилган увертюра, ария, каватина, куплетларни олқишлар билан кутиб олди. Концерт якунида Вердининг "Травиата" операсидан "Дастурхон атрофида" қўшиғини санъаткорлар томошабинларнинг қарсаклари жўрлигида куйлади.
Назокат Усмонова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА