Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Таълим тизимида замонавий технологиялар
2017-04-27 | Технологиялар
Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида “Microsoft” корпорацияси ўқув хонасининг очилиши ҳамда таълим тизимида офис дастурларидан фойдаланиш масаласига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “UZINFOCOM” компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда жорий этиш маркази, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, “Microsoft” корпорацияси вакиллари, пойтахтимиздаги олий таълим муассасаларининг ўқитувчи ва талабалари, ахборот технологиялари соҳаси мутахассислари иштирок этди.
Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари “Microsoft Imagine Academy” таълим ресурси имкониятларидан самарали фойдаланиб келмоқда. Ушбу ресурс дастурий таъминот соҳасидаги инновацион ишланмалар, машҳур операция тизимлари ва офис дастурларининг тузилишини ўрганиш имконини беради. Шунингдек, университетнинг аксарият ўқитувчилари бутун дунёда минглаб ўқитувчиларни ўз сафида бирлаштирган “инновацион педагоглар” махсус ҳамжамияти аъзоси ҳисобланади. Улар таълим жараёнини талабалар учун янада мазмунли ва қизиқарли ўтказиш учун ўз машғулотларида ахборот-коммуникация технологияларининг барча имкониятларидан самарали фойдаланмоқда.
“Microsoft” корпорацияси ўқув хонасининг очилиши ушбу йўналишдаги навбатдаги қадам бўлди. Замонавий компьютер ускуналари, дастурий таъминот билан жиҳозланган ўқув хонаси нафақат талабалар, балки давлат ташкилотларининг энг сўнгги операцион тизимлар ва офис дастурлари билан ишлаш кўникмаларини эгаллаш истагида бўлган ходимлари учун махсус курслар, семинар ва маҳорат сабоқларини ўтказишга мўлжалланган.
Семинарда мамлакатимиз таълим тизимида замонавий технологиялар ва офис дастурларидан фойдаланиш, ахборот- коммуникация технологияларини жорий қилган ҳолда таълим самарадорлигини янада ошириш, таълим соҳасидаги замонавий йўналишлар ҳамда “Microsoft Imagine Academy” ресурсидаги янги ўқув дастурлар ҳақида сўз юритилди.
Манба: ЎзА