Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Таълим сифати ва самарадорлиги ошади

2017-04-26 | Таълим

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида таълим сифати ва самарадорлигини юксалтиришга оид амалий ишлар ва истиқболдаги устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Б.Дониёров ва бошқалар давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев илгари сурган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг ижтимоий соҳа ривожига доир тегишли йўналишида таълим бўйича устувор вазифалар белгиланганини таъкидлади. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги ҳамда 2017 йил 6 апрелдаги "Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорлари ўқитиш тизимини янги босқичга кўтаришга имкон яратади. 

Ушбу қарорларга кўра, умумий ўрта таълим тизимига қатор ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, умумий ўрта таълим мактабларининг турлари белгиланди. Даволаш-профилактика масканларида стационар шароитда узоқ вақт даволанишга муҳтож болаларга бевосита муассасанинг ўзида умумий ўрта таълим бериш ташкил этилади. 

Олис аҳоли пунктларида яшовчи мактаб ёшидаги болаларнинг сифатли умумий ўрта таълим олишини таъминлаш мақсадида тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори асосида умумтаълим масканларининг филиаллари ташкил этилиб, уларда ўқувчилар сони 100 нафаргача бўлади. Бошқа умумтаълим масканларига яқинлиги ҳамда моддий-техник базасидан келиб чиқиб, ўқувчилар сони 180 нафаргача бўлган умумтаълим муассасалари ҳам филиалларга айлантирилиши мумкин. Тегишли майдонга эга бўлган мактаблар синфларида ўқувчилар таркиби 35 нафардан ортиб кетишига йўл қўйилмайди. Синф ўқувчиларини муайян фанлар бўйича бўлиб ўқитиш юзасидан ҳам тегишли нормалар белгиланди. Мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга қамраб олиш туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори билан таълим масканларига бириктирилган ҳудудлар (микроҳудудлар) доирасида умумтаълим маскани педагоглари томонидан амалга оширилади. Бу мактаблардаги ўқувчилар сонидаги номутаносибликка барҳам беради. Болаларнинг интеллектуал ривожланиш жараёнини ҳисобга олиб, уларни 6-7 ёшдан мактабга қабул қилиш меъёрларига ҳам аниқликлар киритилди. 

Мажбурий таълим тизими учун (9+3 асосидаги) 18 умумтаълим фанидан давлат таълим стандартлари ишлаб чиқилди. Мантиқий фикрлаш қобилиятини ривожлантириш мақсадида жисмоний тарбия фанидан давлат таълим стандартларига шахматни ўрганиш талаблари сингдирилди. 1-4-синфларда математика фанини ўқитиш мазмунига дастурлашнинг илк тушунчалари киритилгани ўғил-қизларда информатика, ахборот технологиялари фанига оид бошланғич билимларни шакллантиради. Ўқув режаси ҳам янада такомиллаштирилиб, "Информатика ва ҳисоблаш техникаси асослари" фани "Информатика ва ахборот технологиялари" деб ўзгартирилди. Ўқувчиларни касб-ҳунарни тўғри танлашга йўналтириш мақсадида "Меҳнат таълими" фани "Технология" фани деб ўзгартирилди ва бугунги кун талабидан келиб чиқиб, кўп тармоқли йўналишларга асосланган ҳолда қайта ишланди. 

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига жавоб қайтарилди. 

 
Назокат Усмонова, ЎзА 

Манба: ЎзА

Поделиться