Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тиббиёт ривожи – саломатлик омили
2017-04-26 | Жамият
Тошкентда шошилинч жарроҳлик, радиология ва онкологиянинг долзарб муаммоларига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз олимлари, Германия, Озарбайжон ва Туркиядан келган мутахассислар иштирок этди.
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори А.Ҳожибоев ва бошқалар мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимининг барча бўғини, хусусан, шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштиришга йўналтирилган чора-тадбирлар инсон саломатлигини асрашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 16 мартдаги “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони тез тиббий ёрдам хизматининг сифат ва самарадорлигини ошириш, шошилинч тиббий ёрдам соҳасидаги илмий тадқиқотлар ҳамда халқаро алоқаларни кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Шошилинч тиббий ёрдам хизмати автотранспорт паркини янгилашга алоҳида аҳамият қаратилаётир, замонавий воситалар билан жиҳозланган тез тиббий ёрдам машиналари харид қилиниб, эҳтиёж баланд бўлган ҳудудларга етказилмоқда. Бирламчи тиббиёт тизимида тўрт юздан ортиқ тез тиббий ёрдам подстанциясини ташкил этиш, уларни зарур воситалар билан жиҳозлаш, шошилинч ҳолатларда аҳолига тез ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш чоралари кўрилмоқда.
Бундай амалий ишлар билан бир қаторда илм-фанни такомиллаштириш, шошилинч тиббий ёрдам тизимида диагностика ва даволаш ишларини яхшилаш, бу борада тараққий этган мамлакатларнинг етакчи илм-фан марказлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Анжуманда шошилинч тиббий ёрдам тизимида қўлланилаётган замонавий диагностика ва даволаш технологиялари, жарроҳлик, радиология ва онкология соҳаларидаги янгича амалиётларга оид маърузалар тингланди. Телемедицина имкониятларидан фойдаланилган ҳолда Наманган вилоятида беморларга онлайн маслаҳат берилди, шифокорлар учун маҳорат дарслари ташкил этилди.
Манба: ЎзА