Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тасвирий ва амалий санъат фестивалининг ғолиб ва совриндорлари тақдирланди
2017-04-25 | Маданият
Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилига бағишлаб ўтказилган Тасвирий ва амалий санъат фестивали ижодкорларнинг ўзаро тажриба алмашиши, ёшларнинг билим ва тафаккурини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этди.
Марказий кўргазмалар залида мазкур фестивалнинг ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таълим, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш, аҳолини ўйлантираётган долзарб масалаларга ўз вақтида ва ижобий ечим топишга оид амалий ишларидан халқимиз мамнун бўлмоқда.
Фестиваль давомида Марказий кўргазмалар зали, унинг атрофидаги сўлим хиёбон ёш мусаввирлар, уларнинг устозлари, ота-оналари билан гавжум бўлди. Ўқувчи-ёшлар томонидан Ватанимиз манзаралари, миллий анъана ва қадриятларимиз, баҳорий гўзаллик акс эттирилган кўплаб картиналар, миллий ҳунармандлик намуналари яратилди. Хушманзара табиат қўйнида ўтказилган маҳорат дарслари, машғулотлар талаба ва ўқувчиларнинг тасвирий санъат, ижодий изланишга оид билимларини янада бойитди. Ўзбекистон замонавий санъати, унинг бадиий талқини, ривожланиш тамойиллари, рассом ва жамият мавзуларида анжуманлар, давра суҳбатлари, янги ижодий асарлар тақдимоти ўтказилди.
Фестиваль кунлари Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилига бағишланган кўргазмалар, ижодий ишлар танловлари бўлиб ўтди. Хорижий мамлакатларнинг маданият кунларига оид тақдимот, фотокўргазмалар санъат ривожида ижодий мулоқотнинг ўрни беқиёс эканини яна бир карра намоён этди. "Мовийга парвоз-II. Она замин ва инсон образи", "Баҳор нафаси" мавзуларидаги ҳамда амалий санъат намуналари, фотографияга оид кўргазмалар мамлакатимизда "устоз – шогирд" анъаналарининг бардавомлигини кўрсатди. Бу жиҳатлар олий ва ўрта махсус таълим даргоҳларининг ўқитувчи ва талабалари иштирокидаги бадиий кўргазмаларда ўз аксини топди.
– Бундай санъат фестиваллари ижодкорларнинг ишини атрофлича таҳлил қилиш ва ўрганиш, халқимиз эътиборига ҳавола этишда муҳим аҳамият касб этади, – дейди моҳир хаттот, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳабибулла Солиҳ. – Кўргазмаларда ёш ижодкорларнинг изланишларидан намуналар намойиш этилди. Тинч ва осуда, осмони мусаффо, ижодкорлари эъзозланган юртда фарзандларнинг камолини кўришдан ортиқ бахт бўлмаса керак.
– Санъат фестивалида қатнашганимдан мамнунман, – дейди Навоий вилояти Нурота туманидаги ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ўқувчиси Адҳам Болиқулов. – Устоз-мусаввирларнинг маҳорат сабоқлари янада кўпроқ изланишга, ўз устимизда ишлашга ундади.
Фестиваль якунида ғолиб ва совриндорлар тақдирланди.
Манба: ЎзА