Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон миллий кўргазмаси тожикистонликларда катта қизиқиш уйғотди

2017-04-25 | Иқтисодиёт

Аввал хабар қилинганидек, Тожикистонда Ўзбекистон Республикаси саноат корхоналари маҳсулотларининг миллий кўргазмаси ўтказилди.

Кўргазма мамлакатимизнинг иқтисодий ва экспорт салоҳияти, инвестиция сиёсати билан Тожикистон ишбилармон доира вакилларини таништириш, халқимизнинг бой маданий-тарихий мероси ва туризм соҳасини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди. 

Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон ва Тожикистоннинг вазирлик ва идоралари ходимлари, тадбиркорлар, журналистлар, Афғонистон, Озарбайжон, Беларусь, Эрон, Қатар, Қозоғистон, Россия, Саудия Арабистони, Туркманистон, Франция, Япония каби давлатлар вакиллари, БМТ, ЕХҲТ, Европа иттифоқи, халқаро молия институтлари вакиллари иштирок этди. 

Кўргазмада мамлакатимизнинг 160 дан зиёд компанияси 1 минг 500 турдаги маҳсулотларни намойиш этди. 

Душанбе шаҳридаги "Пойтахт – 90" савдо марказида электротехника, кабель, кимё ва нефть-кимё, фармацевтика, сантехника, тўқимачилик, озиқ-овқат, чарм маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва бошқа товарлар намойиш этилди. 

Очиқ кўргазма майдонида қишлоқ хўжалиги ва транспорт техникаси, хусусан, енгил, юк ташувчи ва махсус автомобиллар, автобуслар, велосипед ва мотоцикллар, тракторлар, пахта териш машиналари ва турли ускуналар тақдим этилди. 

Кўргазмага келганлар Ўзбекистон мустақиллик йилларида миллий саноатни ривожлантиришда улкан ютуқларга эришганини таъкидлади. 

Тадбир доирасида ўтказилган бизнес-форумда икки мамлакат ишбилармон доираларининг 500 га яқин вакили қатнашди. Форумда сўзга чиққан Тожикистон Республикаси Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси раиси Ф.Саттор ва бошқалар мамлакатларимиз пойтахтлари ўртасида авиақатновларнинг йўлга қўйилгани муҳим аҳамиятга эга эканини, ушбу кўргазма ва бизнес-форум ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади. 

Бизнес-форумда Тожикистон вакиллари қўшма корхоналар ташкил қилиш, савдо бозорларини кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги, гидроэнергетика, тоғ-кон, озиқ-овқат, тўқимачилик ва фармацевтика саноати, транспорт, логистика, коммуникациялар, машинасозлик, қурилиш, туризм ва бошқа соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди. 

"Ўзагротехсаноатхолдинг" акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техника воситалари намойиши "Тожикагролизинг" компанияси, фермер ва деҳқон хўжаликлари вакилларида қизиқиш уйғотди. Бунинг натижасида қиймати 3 миллион АҚШ долларига тенг битим ва шартномалар имзоланди. 

Кўргазма ва бизнес-форум якунлари бўйича Ўзбекистон ва Тожикистон тадбиркорлари ўртасида кимё ва нефть-кимё, электротехника, озиқ-овқат, фармацевтика, тўқимачилик, чарм-пойабзал маҳсулотлари, автомобилсозлик ва машинасозлик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича 50 миллион доллардан ортиқ қийматдаги меморандум, шартнома ва битимларга эришилди. 

Ўзбекистон Республикаси саноат корхоналари маҳсулотларининг миллий кўргазмаси ва унинг доирасидаги тадбирлар Тожикистон оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилди.

Манба: ЎзА

Поделиться