Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Андижон вилоятида 20 боланинг суннат тўйи ўтказиб берилди

2017-04-25 | Жамият

Андижон вилояти Бўз тумани марказидаги “Ўзбегим” тўйхонасида 20 боланинг суннат тўйи ўтказилди.

Тантанали тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда халқ билан бевосита мулоқот тизимини шакллантириш, фуқароларнинг муаммоларини ўрганиш, уларни жойида ҳал этиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. 

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш, халқимизга хос эзгу ишлар кўламини кенгайтириш, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Андижон вилояти ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, Бўз ва Улуғнор туманлари ҳокимликлари ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган суннат тўйи тадбирида тўй болаларнинг ота-оналари, қариндош-уруғлари, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 

Бўз тумани марказидаги “Ўзбегим” тўйхонасида Улуғнор ва Бўз туманларидан тўйи бўлаётган 20 бола карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди. 

– Бугун давлатимиз ғамхўрлиги билан фарзандим Алишернинг суннат тўйини ўтказдик, – дейди Улуғнор туманидаги Мингбулоқ маҳалласида яшовчи Зиёдахон Рўзиматова. – Мамлакатимизда кам таъминланган оилаларга, айниқса, фарзандларимизга кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрликдан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Бунинг учун давлатимиз раҳбарига, ҳукуматимизга, саховатли инсонларга барча оналар номидан миннатдорлик билдираман. 

Тўй болаларга вилоят ҳокимлиги, ҳомий ташкилотларнинг совғалари, турли мавзулардаги китоблар тўплами ҳамда Халқ банки туман бўлимларида болажонлар номига очилган ҳисобрақамига 1 миллион сўмдан пул маблағлари ўтказилган жамғарма омонат дафтарчалари тантанали равишда топширилди. 

– Фарзандим Жаҳонгирмирзонинг номига 1 миллион сўм маблағ қўйилган омонат дафтарчасини қўлимга олар эканман, беихтиёр кўзларим қувонч ёшларига тўлди, – дейди Бўз тумани Тафаккур маҳалласида яшовчи Хадичахон Жўраева. – Мен бахтли онаман. Оилам, фарзандларим тинч, кўнглим хотиржам. Шундай юртда яшаётганимдан фахрланаман. 

Эзгуликка йўғрилган мазкур хайрия тадбири кўплаб фуқароларнинг кўнглини тоғдай кўтарди, уларга олам-олам қувонч ва шодлик улашди. Энг муҳими, юртдошларимиз қалбида меҳр-оқибат, саховат ва эзгулик фазилатларини юксалтириб, уларда эртанги кунга ишонч туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 

Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов сўзга чиқди. 

 

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться