Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Электрон парламент тизими ривожланмоқда
2017-04-25 | Жамият
“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида “Электрон парламент” тизимини ривожлантириш комплекс дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш белгиланган. Мазкур тизим демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилиш жараёнларида Олий Мажлис ҳамда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтиради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида "Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш: "Электрон парламент" тизимини жорий қилиш ва ривожлантириш" мавзуида ташкил этилган давра суҳбатида шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари С.Отамуродов, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси И.Абдуллаев ва бошқалар мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида парламентаризмни ривожлантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали вакиллик органлари фаолиятининг очиқлиги ва самарадорлиги ошаётир.
Қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил каби вазифаларни амалга ошириш жараёнида ҳам замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланилмоқда. Парламент палаталари расмий веб-сайтлари мунтазам ишлаб турибди.
Давра суҳбатида халқаро тажриба таҳлиллари асосида "Электрон парламент" комплекс дастури лойиҳасининг муҳим йўналишлари муҳокама этилди. Вакиллик ҳокимияти органлари корпоратив маълумотлар узатиш тармоғини, фойдаланилаётган электрон ҳужжат айланиши тизимини такомиллаштириш ҳамда парламент маълумотлар базаси, электрон кутубхоналар ҳамда бошқа ахборот ресурсларини шакллантириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Манба: ЎзА