Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инсон манфаати ҳамма нарсадан устун
2017-04-25 | Жамият
Пойтахтимизда Ўзбекистон фуқаролигини олиш ёки ундан чиқиш, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий прописка қилиш, биометрик паспортни расмийлаштириш, чет элга вақтинчалик чиқиш учун рухсатнома олиш қонун-қоидалари мазмун-моҳиятига бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ва Ташқи ишлар вазирликлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази масъуллари иштирок этган тадбирда Тошкент шаҳри ҳамда пойтахт вилоятида истиқомат қилаётган аҳоли вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ф.Турсунов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ш.Ёқубов ва бошқалар мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканини таъкидлади. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг ратификация қилинган биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжат Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларациясидир.
Фуқаролик давлат томонидан барча шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлашнинг асоси ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўз илтимосномаларига кўра, келиб чиқишидан, ирқи ва миллатидан, жинси, маълумоти, тилидан, динга муносабатидан, сиёсий ва бошқа эътиқодидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиниши мумкин.
Бугунги кунда фуқаролик бериш тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш ва бундай юксак унвонга муносиб шахсларни, аввало «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонун кучга кирган вақтда турли объектив ва бошқа ҳаётий вазиятларга кўра чет элда бўлган аҳолиси орасидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида асосли қарорлар қабул қилиш масаласи муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон фуқароликка қабул қилиш борасида ҳам қонунийлик, инсонпарварлик ва ижтимоий бағрикенглик тамойилларига асосланган ҳолда инсон манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш чора-тадбирларини тизимли равишда амалга ошириб бормоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фармонлари билан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда доимий истиқомат қилаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мурожаатлари қаноатлантирилиб, улар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинмоқда.
Мазкур чораларнинг амалга оширилиши халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принципларига тўла мос келади ва ўзбек заминида туғилиб, ўсиб-улғайган ҳамда Ватанимизнинг тараққиёти ва равнақига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган шахсларнинг манфаатларини назарда тутади.
Ўзбекистон Республикаси демократик қадриятлар ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойилларига содиқлигини намоён этиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси ғоялари асосида ҳар бир инсоннинг фуқароликка бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди.
Очиқ мулоқотда фуқароларнинг мурожаатлари кўриб чиқилиб, тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, амалий ёрдам кўрсатилди.
Манба: ЎзА