Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Равон йўллар – жон роҳати

2017-04-25 | Жамият

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси томонидан матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда қўмита раиси ўринбосари О.Одилов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида автомобиль йўллари тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ўсиши ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. 

Мамлакатимизда транспорт инфратузилмасини мустаҳкамлашга йўналтирилган комплекс дастурлар, автомобиль йўллари сифатини яхшилаш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Жумладан, мавжуд чорраҳалар, йўл ўтказгичлар, кўприк ва йўллар реконструкция қилинмоқда, янгилари барпо этилмоқда. Бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 14 февралдаги «Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Фармонга мувофиқ, автомобиль йўллари соҳасида ягона техник сиёсатни олиб бориш, автомобиль йўллари тармоқларини ривожлантириш ва такомиллаштириш истиқболларини белгилаш, халқаро транзит йўлакларини шакллантириш, умумий фойдаланишдаги ҳамда ички йўлларни таъмирлаш каби вазифалар қўмитанинг асосий йўналишлари этиб белгиланган. Ҳудудлардаги минтақавий йўлларни капитал ва жорий таъмирлаш ишлари қўмита тасарруфидаги туман йўл хўжалиги корхоналарига бириктирилган. 

Мамлакатимизнинг баъзи ҳудудларидаги таъмирталаб йўллар аҳоли ва транспорт ҳаракатига ноқулайликлар туғдирмоқда. Бу аҳоли ва фойдаланувчилар эътирозига сабаб бўлмоқда. 

Минтақавий автомобиль йўлларининг йўл қопламалари ҳолатини зарур даражага келтириш, йўл-транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш, аҳолининг ҳаёт фаолияти учун, айниқса, қишлоқ жойларида қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларини ва ҳудудларини истиқболли ривожлантириш мақсадида 2017 йилнинг 14 февралида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017-2018 йилларда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. 

Мазкур ҳужжатда 2017-2018 йилларда 5 минг 454 километр, жумладан, 2017 йилда – 2 минг 700 километр, 2018 йилда – 2 минг 754 километр хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, қишлоқ ва овулларнинг кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш, ички йўл ва кўчаларни босқичма-босқич хатловдан ўтказиш ҳамда уларни паспортлаштириш, бу борадаги ишлар натижаси бўйича электрон маълумотлар базасини яратиш вазифалари қўйилган. 

– Автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларида йўл қопламаларининг сифати ва чидамлилигини оширадиган замонавий қурилиш усуллари ва технологияларидан фойдаланилади, – дейди Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг бошқарма бошлиғи Нодир Ҳусанов. – Дастурга асосан капитал ва жорий таъмирлаш ишларини бажариш учун минтақавий йўлларни таъмирлашга ихтисослаштирилган ташкилотларни 330 йўл техникаси билан таъминлаш режалаштирилган. 

Матбуот анжуманида мутахассислар журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди. 

 
Нурилло Насриев, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться