Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Адолат» СДП ишчи гуруҳлари маҳаллалардаги аҳволни ўрганмоқда
2017-04-25 | Жамият
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, партия фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши раиси вазифасини бажарувчи О.Омонов ва бошқалар Президентимиз томонидан белгилаб берилган Ҳаракатлар стратегияси ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш, барча соҳаларни эркинлаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Йиғилишда 2017-2021 йилларда мамлакатимизни янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижросини таъминлашда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши ва депутатлик гуруҳи олдида турган долзарб вазифалар муҳокама қилинди.
“Адолат – қонун устуворлигида!” лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳар кенгашида тузилган ишчи гуруҳлари ҳафтанинг ҳар чоршанба кунлари жойларда жисмоний ва юридик шахслар билан бевосита мулоқотлар ўтказмоқда. Ҳар ҳафта ҳудуддаги биттадан маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган хонадонлар, хўжалик юритувчи субъектлар, ижтимоий объектларнинг ҳолати, улардаги мавжуд муаммолар, қонунлар ижросини тизимли ўрганиш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш устувор вазифа сифатида белгиланган.
– Партиямизнинг ишчи гуруҳлари жорий йилнинг февраль-март ойларида 44 маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадон, хўжалик юритувчи субъектлар ва ижтимоий объектлар ҳолатини атрофлича ўрганди, – дейди халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Тошпўлат Матибаев. – Ўрганишлар мобайнида ишчи гуруҳига 763 мурожаат келиб тушди. Уларда келтирилган масалаларни ижобий ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида тегишли ташкилотларга 39 депутатлик сўрови юборилди. Ҳаракатлар стратегиясининг ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилган тўртинчи йўналиши ижросини таъминлаш мақсадида “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, 9 тумандаги 90 дан ортиқ мактаб ва 40 дан ортиқ мактабгача таълим муассасаларининг санитария ҳолати, ўқувчиларнинг давомати, тиббиёт хоналарининг зарур воситалар билан жиҳозланиши, ошхоналардаги озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ўрганилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 18 апрелдаги «Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони партиянинг 2017 йилга мўлжалланган чора-тадбирларини белгилаб олишда дастуриламал бўлмоқда. Унга кўра, уй-жой коммунал тизимини ривожлантириш вазифаларини амалга ошириш борасида янги таклифлар тайёрлашга келишиб олинди.
Йиғилишда тиббий ёрдам сифатини ошириш, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида тиббий хизматлар билан таъминлаш тизимини мустаҳкамлаш, уй-жой коммунал хўжалиги фаолиятини янада яхшилаш, соҳага йўналтириладиган маблағларнинг самарали ва оқилона сарфланиши борасида депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш каби вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
Манба: ЎзА