Сирдарё вилоятида ҳам 9 май – Хотира ва қадрлаш куни олдидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, уларга Президентимиз номидан совғалар топширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилаётган бундай саховат тадбирларидан фахрийлар мамнун.
Вилоят ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши, ҳуқуқ-тартибот идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбийлардан иборат гуруҳ Гулистон шаҳрида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Бектурсун Пирматов, Карим Муҳаммадиев, Қаршибой Сатторов ва Александр Бакаевларнинг хонадонида бўлиб, бир марталик пул мукофоти, юмшоқ мебеллар тўплами ва бошқа қимматбаҳо совғалар топширди.
– 1943 йил урушга кетдим, – дейди 91 ёшли Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Александр Бакаев. – Украина ва Польшани озод этишда қатнашдим. Урушда ҳайдовчи эдим, шу боис бир неча бор душман снарядларидан машинам портлаб, яраланганман. Дала госпиталларида шифокорлар оёққа турғазиб, жангга қайтарган. Уруш тугагандан кейин ҳам беш йил армияда ҳайдовчи сифатида қолдим. 1950 йил машинамда аскарларимизни дала машғулотларига олиб бораётганимда уруш давридан қолиб кетган минага дуч келиб, портлаб кетдик. Мен билан кабинада ўтирган командир, яна 3 аскар оғир жароҳатландик. Бошқа сафдошларимиз шу ернинг ўзида ҳалок бўлди. Госпиталда даволанганимдан сўнг хизматдан озод қилиниб, жонажон юртим – Ўзбекистонга қайтдим. 1986 йилгача Гулистондаги 2-автобазада ҳайдовчилик қилдим. Биз, кексаларга бундай юксак эътибор кўрсатиб, эъзозлаётган давлатимиздан миннатдормиз. Юртимизда ҳамиша тинчлик бўлсин, халқимиз фаровонлиги юксалаверсин.
– Вилоятимизда 26 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 921 нафар меҳнат фронти фахрийси, 24 нафар 100 ёшдан ошган нуронийлар истиқомат қилмоқда, – дейди “Нуроний” жамғармаси Сирдарё вилояти бўлими раиси Ў.Абдиев. – Давлатимиз раҳбарининг 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан эълон қилинган фармон ва қарори ижросини таъминлаш мақсадида ҳокимликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Уларнинг ҳолидан хабар олиниб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. Жумладан, 16 нафар уруш фахрийсининг уй-жойи қайта таъмирланди, 1 нафарига уй олиб берилди. Байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига “Нуроний” жамғармаси томонидан 224 миллион сўм маблағ ажратилди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг барчасига навбатсиз енгил автомобиль олиш ҳуқуқини берувчи сертификат топширилди.
Шу куни гуруҳ вакиллари вилоятда яшаётган яна 22 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси хонадонида бўлиб, совға-саломлар улашди.
Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг хонадонларида ўтказилган байрам тадбирларида Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев сўзга чиқди.
Абдужалол Қаюмов, Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА