Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон – умумий уйимиз!
2017-04-24 | Жамият
Андижонликлар бугун тонгни ўзгача шукуҳ билан қарши олдилар.
Вилоят марказида янграган карнай-сурнай садолари барчани дўстлик ва миллатлараро бирдамлик байрамига чорлади. Қирғиз, татар, рус, арман каби миллатларнинг миллий қўшиқлари рақсга ундаган бўлса, миллий ҳунармандчилик, халқ амалий санъати, шунингдек, расмлар кўргазмасида вилоятимизда турли миллат вакиллари аҳил-иноқликда истиқомат қилаётганликлари ўз ифодасини топди.
Вилоят театрида бўлиб ўтган тантанада вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, республика Байналмилал маданий маркази раҳбари Насриддин Муҳаммадиев, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмасининг раҳбари Исфандиёр Латиповлар иштирок этдилар. Байрам тадбирида таъкидланганидек, айни пайтда вилоятимизда 30 минг нафар уйғур, 19 минг нафар рус, 124 нафар арман, 36 минг нафартожик, 9 минг нафар татар, 161 нафар қорақалпоқ, 1985 нафар украин миллатига мансуб қардошларимиз истиқомат қилмоқдалар. Шунингдек, корейс, қирғиз, немис, месхети турк ва бошқа миллат вакиллари ҳам ягона оила таркибида озод ва обод Ватан тараққиётига ҳисса қўшиб келмоқдалар.
Тарихга назар ташлайлик: 1937 йили корейс миллатига мансуб 200 минг нафар аҳоли ўз ватанидан сургун қилинди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида эса 151 минг нафар қрим татар, 110 минг нафар месхети турк, 165 минг нафар чечен, 20 минг нафар ингуш, 4500 нафар болғор миллатига мансуб қардошларимиз тақдир тақозоси ила ўз юртидан олислади. Уларнинг аксарияти Ўзбекистондан макон топди. Ваҳоланки, бу пайтларда миллатдошларимизнинг ўзлари танг аҳволда бўлиб, ижтимоий турмушда муаммолар кўп эди. Очарчилик одамларнинг силласини қуритган бўлишига қарамай сўнгги бир парча нонини ҳам бошқа миллат вакиллари билан баҳам кўрди. Ўз уйларидангина эмас, балки, юракларидан жой берди. Ана шундай оғир дамларда халқлар ўртасидаги аҳиллик, тотувлик, ҳамжиҳатлик, инсоний фазилатлар тенгсиз кучга айланди.
Республика Байналмилал маданий маркази ташкил топганлигининг 25 йиллиги ва “Ўзбекистон – умумий уйимиз!” миллатлараро фестиваль доирасида бўлиб ўтган навбатдаги тадбирда бу мавзу ёдга олинди. Шунингдек, халқлар ўртасидаги тотувликни мустаҳкамлаш, республикамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги фаол иштироки учун бир гуруҳ юртдолшларимиз вилоят ҳокимлигининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.
Вилоятда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари томонидан ташкил этилган концерт дастури театр саҳнасига ва йиғилганлар қалбига байрамона файз олиб кирди.
Байрам тадбирлари, шунингдек, Алишер Навоий номидаги маданият ва истирохат боғида ҳамда «Дўстлик уйи»да катта тантана билан ўтказилди.
Манба: Андижон вилояти ҳокимлиги