Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бойсунда тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди.
2017-04-24 | Жамият
Давлатимиз томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун ишбилармонлик муҳитини яратиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш, пировардида экспортни ривожлантириш мақсадида товарлар экспорти барча божхона тўловларидан озод этилган.
Сурхондарё вилояти Бойсун туманида вилоят хокимининг биринчи ўринбосари Т.Боболов раислигида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда ана шу ҳақда сўз борди. Унда вилоят ва туман иқтисодий комплекс масъул рахбарлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Йиғилишда Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари сўзга чиқиб, тадбиркорликка кенг йўл очишда божхона томонидан яратилган имтиёз ва қулайликлар ҳақида сўз юритди.
Хусусан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 декабрдаги ПҚ-2099-сон қарори билан божхона ходими томонидан товарларни “экспорт” божхона режимидан бошқа режимда ҳамда белгиланган жойдан ташқарида ўтказилган божхона расмийлаштируви учун бир соатлик иш ҳақи 2 баробарга қисқартирилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелдаги ПФ-4609-сонли Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 27 июндаги 199-сонли қарори билан хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ташқи савдо шартномаларни электрон рақамли имзо билан тасдиқлаб, интернет орқали ташқи савдо операциялари ягона электрон ахборот тизимига (ТСО ЯЭАТ) киритиш каби интерактив хизмати 2014 йилнинг 1 сентябридан амалиётга киритилган.
Тадбиркорлик фаолияти субъектлари ташқи савдо шартномалари бўйича маълумотларни қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда электрон шаклда Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали Давлат божхона қўмитаси ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритмоқдалар ва экспорт-импорт товарларининг божхона расмийлаштируви ҳам электрон шаклдаги шартнома асосида амалга оширилмоқда.
Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишга доир тартиб-тамойилларни соддалаштириш, мавжуд электрон тизимлардан самарали фойдаланиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда давлат божхона хизмати органига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2015 йил 20 июлдаги 197-сон қарори қабул қилинди.
Ушбу қарорга мувофиқ, товарларни “экспорт” божхона режимига расмийлаштиришда хўжалик субъектлари томонидан божхона органларига:
– экспорт шартномаси;
– божхона юк декларацияси;
– транспорт ҳужжатлари (транспорт турига қараб юк хати) ва товарга илова қилинадиган ҳужжатлар (инвойс) тақдим этилиши ва Давлат ваколатли идоралар томонидан - тегишли рухсат берувчи хужжатларни тақдим этилиши белгиланган.
Йиғилиш иштирокчиларига қонун хужжатларига сўнги йилларда киритилган ушбу ўзгартиришлар тўғрисида маълумот бериб ўтилди.
Шунингдек тадбиркор ва фермерларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорти юзасидан қизиқтираётган саволларга соҳа мутахассислари томонидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси