Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Коррупцияга барҳам беришнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари мавжуд
2017-04-24 | Жамият
Хоразм вилояти божхона бошқармаси томонидан Фуқаролик жамияти шаклланишининг мониторинг қилиш мустақил институти Хоразм худудий бўлинмаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 2 февралдаги ПҚ-2752-сонли қарори ижроси доирасида “Коррупцияга қарши курашишда жамоатчиликнинг ўрни ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Бошқарма шахсий таркиби иштирокида бўлиб ўтган тадбирни вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари И.Казаков кириш сўзи билан очиб, коррупция ва унинг мудҳиш оқибатлари ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.
Тадбирда Фуқаролик жамияти шаклланишининг мониторинг қилиш мустақил институти Хоразм худудий бўлинмаси сектор мудири Т.Жуманиёзов сўзга чиқиб, коррупция — сиёсат ва давлат бошқаруви соҳасидаги ижтимоий хавфли ҳодиса, давлат функцияларини бажариш ваколатига эга бўлган ёки уларга тенглаштирилган шаxсларнинг ноқонуний тарзда моддий ва бошқа бойликлар, имтиёзларни олишда ўз мақоми ва у билан боғлиқ имкониятлардан фойдаланиши, шунингдек, бу бойлик ва имтиёзларни жисмоний ёки юридик шахслар қонунга хилоф равишда эгаллашига имкон беришини таъкидлади. Шунингдек, коррупция ва порахўрлик давлатни ич-ичидан емириши жаҳондаги баъзи давлатлар тажрибасидан яхши маълум.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг асосий принциплари ва йўналишлари мустаҳкамланган. Унга кўра, қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва ошкоралик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, жавобгарликнинг муқаррарлиги коррупцияга қарши курашишнинг асосий принципларидир.
Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сирасига аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш киради. Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар амалга оширилади.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш ҳам шулар жумласидандир.
Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси