Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Давлат божхона қўмитаси Раиси Бухорода сайёр учрашув ўтказди
2017-04-24 | Жамият
Давлат божхона қўмитаси Раиси М.Тохирийнинг Бухоро вилоятида фаолият юритаётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ҳамда фуқаролар билан сайёр учрашуви бўлиб ўтди.
Унда қўшма корхона вакиллари, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда жисмоний шахслар ўзларини қизиқтирган ва ўйлантираётган масалалар билан бевосита давлат божхона хизмати органлари раҳбарига мурожаат қилиш имконига эга бўлишди.
Учрашув аввалида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2017 йил 19 апрель куни бўлиб ўтган ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш ҳисобидан импорт ҳажми ва турларини мақбуллаштириш, шунингдек, экспорт прогноз кўрсаткичларининг сўзсиз бажарилиши ва экспорт ҳажмини янада кўпайтириш мақсадида мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш учун барча даражадаги раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши ҳақида сўз борди.
Маълумки, ушбу йиғилиш давомида Давлат божхона қўмитасига импорт қилувчи корхоналар фаолиятининг импорт тури ва номенклатурасига мувофиқлиги устидан доимий қатъий назорат ўрнатиш ва фаолиятига хос бўлмаган товарлар олиб кирилишига йўл қўймаслик бўйича тегишли тезкор чоралар кўриш учун .Вазирлар Маҳкамаси комплекслари раҳбарларига ҳар ой ҳисобот бериши топширилди. Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига ускуна ва технологиялар учун импорт шартномаларининг нархлари, тендер ҳужжатлари, шунингдек, «фойдаланишга тайёр» шартлари асосида тузиладиган инвестиция лойиҳаларининг асослилигини танқидий таҳлил қилиш топширилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 апрелдаги 4891-сонли фармойиши билан ташкил этилган Импорт бўйича келтириладиган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг ҳажми ва таркибини танқидий таҳлил қилиш, импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш бўйича комиссия раҳбари М. Нурмуротовга Комиссия зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ, тармоқлар томонидан импортни камайтириш ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга доир амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда барча даражадаги раҳбарларнинг шахсий жавобгарлик чоралари бўйича қарорлари лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига ҳар ойда киритиш топширилди.
Ушбу вазифа ва топшириқларни ўз вақтида ижро этиш шубҳасиз Бухорода ҳам вилоятнинг экспорт салоҳиятини янада оширишга хизмат қилиши қайд этилди. Шунингдек, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар яна бир карра чуқур таҳлил қилинди.
Таъкидланганидек, Бухорода ҳам маҳаллийлаштириш дастури доирасида илгари юртимизга четдан келтирилган кўплаб маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган.
Жумладан, “Уз-Корея Медикал” қўшма корхонаси томонидан тиббий система ва бир марталик болалар таглиги ишлаб чиқариши йўлга қўйилган бўлиб, бунинг учун биргина 2016 йилда четдан салкам 819 минг АҚШ доллари қийматдаги хом-аёшлар божхона имтиёзлари асосида импорт қилган.
Кир ювиш кукунини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган “Баҳор пластик” қўшма корхонаси 2017 йилнинг I чораги давомида 30 минг АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги хом-ашёларни хориждан импорт қилган.
Бу каби мисолларни полимер, мармар, ванна ишлаб чиқарётган “Гулистон Сторой Сервис” МЧЖ, вата ишлаб чиқаришни йўлга қўйган “Ситораи чорбакр” МЧЖ, шиша кристаллари – қурилиш материалларини ишлаб чиқараётган “Шахинабону Яккатут” МЧЖ, керамик плиталарга ихтисослашган “Минокор” МЧЖ корхоналари мисолида узоқ давом эттириш мумкин.
Энг муҳим жиҳат шундаки, ушбу корхоналарга ўтган қисқа муддат давомида божхона тўловларидан 1 млрд. 350 млн. сўмлик имтиёзлар қўлланилган. Айни шунинг ўзиёқ давлатимиз томонидан тадбиркорларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ёрқи ифодаси бўла олади.
Сайёр учрашувда тадбиркорлар билан божхона соҳасида дуч келаётган муаммолар ва уларни бартараф этириш йўллари бўйича ўзаро фикр алмашилди.
Суҳбат очиқ ва конструктив руҳда ўтди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси