Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вазирлик делегациясининг Минскдаги учрашувлари хусусида
2017-04-24 | Технологиялар
2017 йилнинг 17-19 апрель кунлари Ўзбекистон Республикасининг Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Алоқа соҳасида ҳудудий ҳамдўстлик ташкилотига аъзо мамлакатлардаги алоқа маъмурлари раҳбарлари кенгашининг йиғилиши доирасида Беларусия Республикасининг Минск шаҳрида бўлиб, Беларусия Республикасининг Алоқа ва ахборотлаштириш вазири Сергей Попков, Россия Федерациясининг Алоқа ва оммавий коммуникациялар вазири Николай Никифоров, Қозоғистон Республикаси Ахборот ва коммуникациялар вазири Даурен Абаев ҳамда Қирғизистон Республикаси Ахборот технологиялари ва алоқа бўйича давлат қўмитаси раҳбари Эшмамбет Аматовлар билан икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга оид учрашувларда иштирок этди.
Учрашувлар давомида томонлар ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида амалга ошириш мумкин бўлган манфаатли ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, Миснк шаҳрида Шерзод Шерматов ҳамда Халқаро Электралоқа Иттифоқи ташкилотининг бош котиби Хоулин Чжао ўртасида учрашув ташкил этилиб, Ўзбекистон Республикаси ҳамда Иттифоқ ўртасидаги алоқаларнинг истиқболи муҳокама қилинди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Беларусия Республикасининг Юқори технологиялар паркида бўлиб, маҳаллий бозорда янги ва юқори технологиялар, жумладан дастурий таъминот ҳамда ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий, ташкилий ва иқтисодий асослари, жаҳон бозори талабларига мос маҳсулотлар ишлаб чиқаришда Беларусия тажрибаси билан яқиндан танишдилар.
Музокаралар натижасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Беларусия Республикасининг Юқори технологиялар парки ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжат асосида АКТ-парклар фаолиятини ташкил қилиш, шунингдек АКТ соҳаси учун кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича тажриба алмашиш келишиб олинди.
Шунингдек, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ҳамда Беларусиянинг Юқори технологиялар паркининг Таълимий маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Университет ҳамда Таълимий марказ ўртасида истиқболда таълим соҳасидаги икки томонлама алоқаларни йўлга қўйиш, АКТ соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда таълим жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини кенг дорий қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек биргаликда иқтисодиёт тармоқлари учун дастурий таъминот ва ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқариш имзоланган ҳужжатда акс этган муҳим мақсадлар ҳисобланади.
Шунингдек, Wargaming компютер ўйинлари ишлаб чиқарувчи компания вакиллари билан ўтган учрашувда ватанпарварлик руҳидаги электрон ўйинларни яратиш бўйича битим имзоланди.
Ўзбекистон делегацияси Минск шаҳридаги «Beltelekable» компаниясида ҳам бўлиб, муассаса фаолияти, хусусан кабель-ўтказгич ишлаб чиқаришнинг техник параметрлари, уни хорижий мамлакатларга экспрот қилиш жараёнлари билан танишиб, Тошкент шаҳрида оптик алоқа кабельлари ишлаб чиқаришга ихтисослшагна қўшма корхона очиш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, делегация Беларусия Республикасининг «BeCloud» маълумотларни қайта ишлаш марказида бўлиб, бундай марказлар фаолиятини баҳолайдиган УптимеИнституте институтининг Tier III Facility сертификатига эга мамлакатдаги ягона ушбу марказда ташкил этилган иш жараёни билан яқиндан танишдилар.
Шунингдек, юртимиз делегацияси Минск шаҳрида бўлиб ўтган Телекоммуникация, ахборот ва банк технологиялари бўйича 24 халқаро ихтисослаштирилган «TIBO-2017» форумида иштирок этиб, янги АКТ-ечимлар, ишлаб чиқариш учун автоматлашган бошқарув тизимларининг илғор таклифлари, роботехник ишланмалар ҳамда истеъмолчилар билан ишлашда янги технологиялар билан танишадилар.
Учрашув чоғида ҳамкорлар 2017 йилнинг сентябр ойида ўтказиладиган Ўзбекистон Ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталигига расман таклиф этилдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги