Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тасвирий санъат ҳафталиги доирасида устоз ва шогирдлар кўргазмаси очилди
2017-04-21 | Маданият
Рассом маҳорати борлиқни бор таровати ва мафтункорлигича акс эттириб, томошабинни ҳайратлантира олишдадир. Бунга "Мовийга парвоз – II. Она замин ва инсон образи" номли кўргазмада яна бир карра ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Бадиий академия томонидан ўтказилаётган Тасвирий ва амалий санъат фестивали доирасида Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида ташкил этилган ушбу кўргазма ёшлар, хорижлик меҳмонлар, санъат мухлислари билан гавжум.
Кўргазмада Ўзбекистон халқ рассоми, Бадиий академия академиги, профессор Акмал Икромжонов ва унинг шогирдлари асарлари қўйилган. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида талабаларга сабоқ бераётган мўйқалам соҳиби истеъдодли шогирдларнинг камол топишига муносиб ҳисса қўшмоқда.
– Замонавийликни акс эттириш энг мураккаб жараён, – дейди Миллий рассомлик ва дизайн институтининг магистранти Авазбек Насриддинов. – Бунда ижодкор ранглар техникаси, тасвирларнинг, ғоянинг йиллар синовидан муваффақиятли ўтишини олдиндан кўра олиши керак. Кўргазма қатнашчилари устозлар ижодидан руҳланиб, ўз услуби, ижод йўлини топа олгани яққол сезилиб турибди.
Кўргазмага келганлар А.Икромжонов асарлари билан бирга унинг шогирдлари Илҳом Отабоев, Эркин Бозоров, Хуршид Иброҳимов, Сардор Аллаберганов, Фаррух Аҳмадалиев, Саидбек Собирбоев ва бошқаларнинг асарларидан баҳраманд бўлиши мумкин.
Манба: ЎзА