Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Харидор талаби – бош мезон
2017-04-21 | Иқтисодиёт
Андижон вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида 4 миллион 500 минг доллар миқдорида хорижий инвестициялар жалб этилган. Айни пайтда вилоятда 161 қўшма корхона фаолият юритмоқда.
Андижон шаҳрида фаолият кўрсатаётган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Lemon international” хорижий корхонасида йилига 500 минг жинси шим ишлаб чиқарилмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида саноат корхоналари фаолиятини такомиллаштириш, модернизация қилиш, хорижий инвесторларни жалб этиш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хитойлик тадбиркорлар томонидан 2015 йилда ташкил этилган “Lemon international” хорижий корхонасига Андижон шаҳридаги илгариги ип-газлама фабрикасининг фойдаланилмай турган биноси 6 миллиард 150 минг сўм миқдорида инвестиция киритиш ва 120 янги иш ўрни яратиш шарти билан ноль қийматда берилган.
– Зарур инвестиция киритилиб, қисқа муддатда бино тўла реконструкция қилинди, хориждан замонавий тикув ва бичув дастгоҳлари, юқори технологик жиҳозлар келтириб ўрнатилди, – дейди корхона бош директори Ванг Чао. – Бугунги кунда бу ерда 20 дан ортиқ турдаги сифатли шимлар тайёрланмоқда.
Корхонада фаолиятнинг дастлабки давриданоқ харидорларнинг талаб ва истаклари ўрганилиб, тайёрланаётган маҳсулотлар сифати ва дизайнига алоҳида эътибор қаратилди. Натижада маҳсулотлар юртимиз бозорида мустаҳкам ўрин эгаллади. Жорий йилнинг биринчи чорагида 100 мингдан зиёд жинси шим бозорга чиқарилди.
Айни пайт бичув, тикув, махсус ишлов бериш, ранг сочиш, ювиш ва қадоқлаш цехларида 120 ишчи меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежларини битирган ёш мутахассислардир.
– Бу ерда самарали меҳнат қилишимиз учун барча шароит яратилган, – дейди тикув цехи бўлими бошлиғи Одинахон Ҳасанова. – Ишимизга қараб маош оламиз. Мана шундай кенг, ёруғ цехларда, замонавий тикув машиналарида ишлаётганимдан, юртимиз равнақига ҳисса қўшаётганимдан фахрланаман.
Корхона маҳсулотларининг асосий қисми ички бозорда сотилмоқда, маълум қисми хорижга экспорт қилинмоқда. Мамлакатимизда яратилаётган кенг шароит ва имкониятлардан фойдаланиб, экспорт салоҳиятини муттасил ошириб бориш режалаштирилган.
Манба: ЎзА