Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Пойабзалга яширилган валюта
2017-04-21 | Иқтисодиёт
Жисмоний шахслар томонидан божхона чегаралари орқали хорижий валютани мамлакатимизга олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада нақд хорижий валютанинг муомалада бўлишини тартибга солиш чора-тадбирларини амалга ошириш тўғрисида”ги қарорида белгиланган қоидалар асосида амалга оширилади.
Ўрнатилган тартиб-қоидаларга кўра, Ўзбекистон Республикаси резидент жисмоний шахслари ҳамда норезидент жисмоний шахсларга мамлакатимиз ҳудудига божхона назоратига риоя қилган ҳолда чекланмаган миқдорда нақд хорижий валютани олиб киришга рухсат этилган.
Мамлакат ташқарисига нақд эркин алмаштириладиган валютани олиб чиқиб кетишда йўловчи божхона декларациясида қайд этиш шарти билан Ўзбекистон Республикаси резидентларига 2 минг АҚШ долларига тенг миқдорда, норезидентларга эса йўловчи божхона декларациясига мувофиқ олиб кирилган валюта доирасида рухсат этилади.
Кўрсатилган суммадан ортиқ нақд валютани олиб чиқиб кетишга Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ёки хорижий валютада операцияларни амалга ошириш учун бош лицензияга эга бўлган ваколатли банкларнинг рухсати билан йўл қўйилади. Бунга амал қилмаганлар қонун олдида жавоб беришига тўғри келади.
Мазкур тартиб-қоидалар ҳақида эслатмалар жисмоний шахслар томонидан божхона чегараларини кесиб ўтиш пайтида тўлдириладиган йўловчи божхона декларациясида ҳам мавжуд. Бундан ташқари, бу ҳақдаги маълумотлар акс эттирилган деворий плакатлар чегара божхона комлпекслари ва постларининг жисмоний шахслар кўзига яққол ташланадиган жойларига илиб қўйилган, постларга ўрнатилган мониторларда ҳам божхона қоидаларига доир видеороликларнинг доимий намойиши йўлга қўйилган.
Шунга қарамай, амалдаги тартибларни четлаб ўтиб, нақд хорижий валюталарни яширин равишда олиб чиқишга уринаётган “уддабурон”лар учраб турибди. Яқинда Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари ана шундай шахсларнинг қилмишларини фош қилди.
Вилоятдаги олий ўқув юртларидан бирида таҳсил олаётган қўшни давлат фуқароси Ж.Норбоев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўзига тегишли халқаро тўлов картасидан ўқиш харажатлари учун 2200 АҚШ долларини ваколатли банклардан бири орқали нақдлаштиради. Нафси устунлик қилиб, нақдлаштирилган валютани белгиланган мақсадларга сарфлаш ўрнига, ноқонуний равишда мамлакатимиздан олиб чиқиш чораларини излайди.
Оёқ кийимларининг ички қисмига 2200 АҚШ долларини хуфиёна тарзда жойлаштириб, қўшни давлатга ўтмоқчи бўлган пайтда божхоначилар томонидан қўлга олинади. Қўшни давлат фуқароси Ф.Назармуродова ҳам худди шу усулни қўллашга уринади. У ҳам ўзига тегишли халқаро тўлов картасидан 500 АҚШ долларини ваколатли банкдан нақдлаштириб, оёқ кийимига яшириб олиб чиқаётган пайтда тўхтатиб қолинади.
Мазкур қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан жиноят ишлари бўйича Нишон тумани судининг тегишли қарорларига асосан ушбу фуқароларга нисбатан жазо чоралари қўлланилиб, ашёвий далил сифатида олинган 2 минг 700 АҚШ доллари давлат эгалигига ўтказилди.
Манба: ЎзА