Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Навоий вилоятига саломатлик поезди жўнатилди

2017-04-21 | Жамият

Тошкент марказий темир йўл вокзалидан Навоий вилоятига саломатлик поезди жўнаб кетди.

Халқимизнинг саломатлигини муҳофаза қилиш, айниқса, экологик жиҳатдан ноқулай минтақаларда яшовчи аҳоли, хусусан, аёллар, болаларни тиббий-ижтимоий ҳимоялаш мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишидир. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев фармони билан тасдиқланган “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида бу борада белгиланган муҳим вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. 

"Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти ва бошқа ташкилотлар кўмагида мамлакатимизнинг экологик жиҳатдан ноқулай минтақаларига саломатлик поездлари жўнатиши, ушбу ҳудудларда ташкил этилаётган соғломлаштириш лойиҳалари ана шундай тадбирлардандир. 

Жорий йилнинг март ойида Сурхондарё ва Қашқадарёда ўтказилган шундай тиббий-ижтимоий акция доирасида мазкур вилоятларнинг олис туманларида яшовчи уч мингга яқин аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Ушбу ҳудудлардаги ўнта тиббий-ижтимоий муассасага, уч мингдан зиёд эҳтиёжманд оилага манзилли ёрдам кўрсатилди. 

"Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фондидан маълум қилишларича, Навоий вилоятида ўтказиладиган навбатдаги тадбирни юқори савияда ташкил этишга алоҳида тайёргарлик кўрилган. Саломатлик поезди учун “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан махсус вагонлар тақдим этилган. Навоий вилоятида 27 апрелга қадар саломатлик кунлари ўтказилади. Бу тадбирларни ташкил этишда пойтахтимиздан борган шифокорларга маҳаллий мутахассислар, хусусан, фонднинг Навоий вилояти кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси ходимлари кўмак беради. 

Саломатлик поезди Навоий, Конимех, Қора-қата, Мустақиллик, Қизилқудуқ, Бузаубай, Учқудуқ II станцияларига яқин ҳудудларда фаолият юритиши режалаштирилган. Бундан ташқари, вилоятдаги марказий шифохоналар, болалар шифохоналари, туғруқ мажмуалари ва махсус мактаб-интернатларга инсонпарварлик ёрдами етказилади. 

 
Баҳор Хидирова, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться