Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Китобсевар ёшлар кўпаймоқда
2017-04-20 | Маданият
Ўзбек Миллий академик драма театрида маданий-маърифий тадбир ўтказилди.
Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда ёзувчи ва шоирлар, маънавият тарғиботчилари, ахборот-ресурс марказларининг мутахассислари, ўқитувчилар, ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Абдураҳимова, Шайхонтоҳур тумани ҳокими О.Миртемиров ва бошқалар навқирон авлод маънавий оламини бойитиш, уларда фаол фуқаролик позициясини шакллантиришда китобнинг аҳамияти беқиёс эканлигини таъкидлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди.
Тадбирда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш, ғоявий-бадиий жиҳатдан пухта асарлар тарғиботини ташкил этиш, «оммавий маданият», интернет тармоғидаги хуружлардан ёшларни асраш, шеърхонлик кечалари, мушоира ва бошқа адабий тадбирларни кўпроқ уюштириш лозимлигига эътибор қаратилди.
Манба: ЎзА