Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қўшма корхонада янги йигирув тармоғи ишга тушди
2017-04-20 | Иқтисодиёт
Қўқон шаҳридаги “Индорама Қўқон текстиль” Ўзбекистон – Сингапур қўшма корхонасида тўртинчи босқич – умумий қиймати 51 миллион доллар миқдоридаги лойиҳа амалга оширилиб, янги йигирув тармоғи иш бошлади. Бу маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш имкониятини кенгайтирди.
Президентимиз раҳнамолигида пахта толасини қайта ишлашнинг барқарор ўсишини таъминлаш, фаолият кўрсатаётган корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, экспорт ҳажмини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳити яратиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Фарғона вилоятида ҳам бу борада амалга оширилаётган лойиҳалар юксак самаралар бермоқда.
Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, мавжуд саноат корхоналарининг босқичма-босқич модернизация қилинаётгани технологик жараёнларни янгилаш, жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, маҳаллий бозорни импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар билан тўлдиришда муҳим омил бўлаётир. Ўтган йили “Хумо тўқимачи”, “Булуттекстиль”, “Бешариқ тўқимачи” масъулияти чекланган жамиятларида модернизация ишлари амалга оширилди. Бундай ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилиб, янги ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилади.
Манба: ЎзА