Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Пойтахтимизда гаражлар ўрнида автомобиллар тўхташ жойлари барпо этилади
2017-04-18 | Жамият
Тошкент шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтган брифингда пойтахтимизда автотранспорт воситаларини сақлаш жойларини тартибга келтиришга оид амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Транспорт воситалари кундан-кунга ортиб бораётгани ва уларни вақтинчалик сақлаш жойлари етишмаётгани сабабли пойтахтимизнинг туман, мавзе, даҳаларида автотранспорт воситаларини белгиланмаган жойларда, яъни турар жой мавзелари ичида, кўп қаватли уйлар олдида ва бошқа ҳудудларда қолдириш ҳолатлари кўпаймоқда.
Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг маълумотларига кўра, пойтахтимизда автотранспорт воситалари 2017 йил 1 март ҳолатида 2015 йилга нисбатан 19 фоиз ортган.
Шаҳарсозлик, санитария ва ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган, тартибсиз жойлаштирилган темир-бетон гаражлардан аҳоли транспорт воситаларидан ташқари турли буюмларни сақлаш, иккиламчи қоғоз ва елим маҳсулотларини йиғиш шохобчалари ташкил қилиш ва бошқа мақсадларда фойдаланиб келмоқда.
Брифингда пойтахтимизда шаҳарсозлик қоидалари ва санитария меъёрлари талабларига жавоб бермайдиган темир-бетон гаражларнинг бузилиши ҳисобига уларнинг ўрнида замонавий шаҳарсозлик норма ва қоидаларига мос 2, 3 ва 6 қаватли ҳамда кичик ҳудудларда усти ёпилмаган автомобиллар турадиган жойлар қуриш режалаштирилгани маълум қилинди. Дастлабки лойиҳаларга мувофиқ, режалаштирилаётган 2 қаватли автомобиллар турадиган жойда 80; 3 қаватлисида 144; 6 қаватлисида 480 ва 532 енгил транспорт воситаси жойлаштирилиши кўзда тутилмоқда.
Янги иншоотлар қурилишида аҳолининг таклифлари инобатга олинмоқда. Шундан келиб чиқиб замонавий талабларга мос, биринчи қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси жойлаштириладиган кўп қаватли автомобиллар турадиган жойларнинг лойиҳалари тайёрланди. Ушбу лойиҳалар халқимиз томонидан муҳокама қилиниши учун www.gov.uz сайтига жойлаштирилди.
Манба: ЎзА