Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Марказий Осиё сув хўжалигида тўртта янги лойиҳа амалга оширилади
2017-04-18 | Экология
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида «Сув ресурслари назоратини яхшилаш борасидаги ташаббуслар» мавзуида халқаро семинар ўтказилди.
Марказий Осиё минтақавий экологик маркази ижрочи директори И.Абдуллаев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Б.Алихонов, АҚШнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси П.Спратлен ва бошқалар сув ресурсларини бошқариш, экологик хавфсизликни мустаҳкамлаш соҳасидаги ҳамкорлик минтақа давлатлари учун муҳим масалалардан эканини таъкидлади.
2001 йилда фаолият бошлаган халқаро мустақил нотижорат ташкилот – Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг бу йўлдаги саъй-ҳаракатлари салмоқли. Ўтган даврда ташкилот 48 миллион евро миқдоридаги 230 дан ортиқ лойиҳани амалга оширган.
Семинарда мазкур ташкилотнинг «Марказий Осиёда сув, таълим ва ҳамкорлик», «Ўзбекистонда барқарор сув ва экологик ривожланиш учун ҳамкорлик ва хабардорликни ошириш. Компонент 3», «Марказий Осиёда сув ҳамкорлиги», «Иқлим ўзгаришининг Амударё ҳавзасидаги ер усти сувлари сифатига бўлган таъсирини ўрганиш» каби лойиҳалари илгари сурилди. Улар Европа Иттифоқи, АҚШнинг халқаро ривожланиш агентлиги (USAID) томонидан молиялаштирилади.
– Тўрт лойиҳанинг татбиқ этилиши натижасида сув хўжалиги ташкилотлари, олий ўқув юртлари ходимлари ва соҳа мутахассислари ўртасидаги ҳамкорлик янада яхшиланади, – дейди Марказий Осиё минтақавий экологик маркази ижрочи директори Искандар Абдуллаев. – Улар доирасида таълим дастури учун техник ёрдам бериш, жумладан, объектларни техник ва лаборатория ускуналари, жиҳоз ва қўшимча материаллар билан таъминлаш кўзда тутилган.
– Сувдан оқилона фойдаланиш соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини яхшилаш ва ходимлар малакасини ошириш, сув ресурсларини назорат қилишда инновацион усулларни қўллаш, аҳолининг экологик хабардорлик даражасини ошириш каби масалаларга боғлиқ, – дейди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Эдуардс Стипрайс. – Ўзбекистонда бу борадаги ишлар, жумладан, суғорма деҳқончилик амалиётлари, томчилаб суғориш усули ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Тадбирда иқлим ўзгаришининг Амударё сувларига таъсирини ўрганиш ва ушбу ўзгаришларга қарши адаптация чораларини ишлаб чиқиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Манба: ЎзА