Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили
2017-04-17 | Жамият
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси томонидан Янгиер шаҳрида ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ) қатнашчиларига тадбиркорлик учун мамлакатимизда яратилаётган имконият ва қулайликларни яқиндан етказиш мақсадида жисмоний ва юридик шахслар вакиллари билан навбатдаги сайёр учрашув ўтказилди.
Янгиер шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда Президентимиз ташаббуслари билан Сирдарё вилоятида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида кичик саноат ҳудудини ташкил этиш тўғрисида” 2017 йил 30 мартдаги ПҚ-2860-сон қарорининг аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича, кичик саноат зонаси ҳудудида лойиҳаларни амалга ошириш доирасида ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ускуналар, хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмлар, шунингдек, металл конструкциялар ва қурилиш материаллари учун божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) тўлашдан озод қилинди.
Мазкур имтиёзлар 3 йил муддатга берилади, бунда кичик саноат зонасининг қатнашчилари энг кам иш ҳақининг камида 2000 карра миқдоридаги ҳажмда инвестициялар киритиши шартлиги белгиланган.
Таъкидлаш жоизки, ичик саноат зонаси қатнашчисининг йиллик тушуми энг кам иш ҳақи миқдорининг 1000 каррасидан камроқни ташкил этган тақдирда, ушбу имтиёзлар бекор қилинади ҳамда тегишли ҳисобот йили учун уларни тўлаш бўйича мажбуриятлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта тикланади.
Божхона имтиёзларини қўлланган ҳолда олиб келинган ускуналар, хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмлар, металл конструкциялар ва қурилиш материаллари олиб кирилган пайтдан бошлаб уч йил ичида сотилган ёки бепул бериб юборилган тақдирда, божхона тўловлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлиқ ҳажмда ундирилади.
Учрашув якунида вилоят божхона бошқармасининг барча соҳавий бўлим бошлиқлари ҳамда вилоятнинг мутасадди ташкилот раҳбарларининг вакиллари тадбиркорларни қизиқтирган саволларга жавоблар беришди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси