Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Долзарб вазифалар муҳокама этилди
2017-04-17 | Жамият
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгашининг VII пленуми ўтказилди.
Партия сиёсий кенгаши раиси ва фракция раҳбари Н.Умаров Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг 2016 йилдаги фаолияти ва 2017 йилдаги устувор вазифалар ҳақида ахборот берди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида партия электорати манфаатлари ва дастурий вазифаларига дахлдор таклифлар ўз аксини топган. Ўтган қисқа вақт ичида унинг ижросини таъминлаш борасида қатор натижаларга эришилаётгани таъкидланди.
Партиянинг “Адолат – қонун устуворлигида!” лойиҳаси доирасида ҳудудий ва маҳаллий Кенгашларда партия фаоллари ҳамда депутатлардан иборат ишчи гуруҳлари тузилган. Ҳафтанинг ҳар чоршанба кунлари ишчи гуруҳлар томонидан жойларда жисмоний ва юридик шахслар билан бевосита мулоқотлар ташкил этилмоқда. Уларда маҳаллалар, хонадонлар, хўжалик юритувчи субъектлар ва ижтимоий объектларнинг ҳолати, мавжуд муаммолар, қонунлар ижроси тизимли равишда ўрганилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг февраль-март ойларида жами 1 минг 122 маҳалла фуқаролар йиғини, 29 минг 856 хонадон, 1 минг 159 хўжалик юритувчи субъект ва ижтимоий объектлар ҳолати ўрганилди. Сайловчилар ва аҳоли томонидан ишчи гуруҳига 3 минг 218 мурожаат келиб тушган. Мурожаатлардаги масалаларни ижобий ҳал этиш мақсадида тегишли ташкилотларга партия депутатлари томонидан 927 депутатлик сўрови юборилди.
Йиғилишда ҳудудий партия Кенгашларида ташкил этилган “Адолат” қабулхоналари ҳамда партиянинг Виртуал қабулхонаси ишида депутатлик корпусининг фаол иштирокини таъминлаш масаласи ҳам диққат-эътиборда бўлди. Партия тизимидаги “Адолат” қабулхоналарига ўтган икки ой ичида фуқаролардан келиб тушган жами 529 мурожаатнинг 188 таси маҳаллий ҳокимият идоралари ҳамда тегишли ташкилотларга сўровлар чиқариш орқали ижобий ҳал этилган бўлса, 85 фуқарога тегишли тушунтириш ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилган.
Пленум якунида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг 2017 йилдаги фаолиятининг асосий йўналишлари белгиланди.
Манба: ЎзА