Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сайёр қабуллар самаралари
2017-04-14 | Жамият
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида давлат бошқаруви, халқ вакиллиги органлари, маҳаллий ҳокимликлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарларининг жойлардаги сайёр қабуллари давом этмоқда.
Наманган вилоятининг Наманган тумани ҳокимлигида ташкил этилган сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонаси раҳбари, вилоят ҳокимлиги, прокуратураси ва ички ишлар бошқармаси раҳбарияти Президентимизнинг Виртуал қабулхонаси ва тумандаги Халқ қабулхонасига юборилган мурожаатлар асосида фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Тадбирга туман ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, ижтимоий муассасалар, коммунал ва бошқа хизмат кўрсатиш корхоналари раҳбарлари жалб этилди.
Сайёр қабулга туманнинг Қумқўрғон, Шўрқишлоқ, Шўрқўрғон, Хонобод, Боғишамол, Кичик Тошбулоқ, Нурафшон, Истиқлол, Навбаҳор, Тепақиёт, Кичик Тошбулоқ қишлоқлари, Тошбулоқ шаҳарчаси ва Наманган шаҳридан Халқ қабулхонасига мурожаат қилган фуқаролар таклиф этилиб, уларни қийнаётган муаммолар ечими юзасидан чоралар кўрилди.
– Маҳалламизда электр энергияси таъминоти шу чоққача талаб даражасида эмасди, – дейди Шўрқўрғон маҳалласида яшовчи Хайрулло Хўжаев. – Сабаби аҳоли ўз имкониятидан келиб чиқиб, ўрнатган қўлбола симёғочлар орқали сим тортиб келинган. Бу электр энергияси таъминоти сифатига салбий таъсир кўрсатиши билан бирга, хавфсизлик талабларига ҳам мутлақо зид. Мазкур масалада қилган мурожаатларимиз натижасиз қолаётган эди. Бугун ушбу қабулда маҳалла номидан қилган мурожаатимиз кўриб чиқилиб, туман электр таъминоти корхонаси раҳбариятига бир ой муддатда замонавий электр тармоғини тортиш вазифаси юклатилди.
– Олий маълумотли бўлишимга қарамай ишсиз юрган эдим, – дейди Кичик Тошбулоқ қишлоғида яшовчи Камола Деҳқонова. – Ишга жойлашиш юзасидан ёрдам сўраб қилган мурожаатим асосида мени мутахассислигим бўйича туман архитектура бўлими ишга қабул қиладиган бўлди. Раҳбарларни халқ билан ҳамнафас бўлиш, унинг дарду ташвишига қулоқ тутиш ва муаммоларини ҳал этишга ундаётган Президентимиздан миннатдормиз.
– Ўзим Наманган шаҳрида яшайман, – дейди тадбиркор Зиёвиддин Иминжонов. – Мева шарбати ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида туман ҳудудидан ер ажратилишини сўраб мурожаат қилган эдим. Икки ҳафта муддатда асослантирилган жавоб оладиган бўлдим. Ушбу лойиҳа амалга ошса, 40 янги иш ўрни яратилади.
Сайёр қабулда фуқаролардан тушган 21 мурожаат кўриб чиқилиб, улардан 19 тасига ўз жойида ечим топилди, 2 мурожаат атрофлича ўрганиш ва асослантирилган жавоб бериш учун тегишли ташкилотларга юборилди.
– Халқ қабулхонаси фаолиятидан аҳоли мамнун, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган туманидаги Халқ қабулхонаси мутахассиси Шерали Каримов. – Ўтган қисқа муддатда бу ерга 300 дан зиёд мурожаат келиб тушди ва уларнинг 220 дан ортиғи жойида ҳал этилди. Қолган мурожаатлар тегишли тартибда кўриб чиқилмоқда.
Манба: ЎзА