Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Банклар тадбиркорлар хизматида

2017-04-13 | Жамият

“Ўзкўргазмасавдо” марказида банк технологиялари, асбоб-ускуналари ва хизматлари “BankEXPO – 2017” Х миллий кўргазмаси бошланди. 

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси, парламент қуйи палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар ҳамда Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмиталари, Ўзбекистон Ахборот технологиялари корхона ва ташкилотлар ассоциацияси, Банклар ассоциацияси ҳамда тижорат банклари билан ҳамкорликда ташкил этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг ўринбосари Ш.Шоаҳмедов, Ўзбекистон Банклар ассоциацияси раиси С.Абдуллаев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида банк тизимини ислоҳ этиш ва эркинлаштиришга қаратилаётган изчил чора-тадбирлар иқтисодиётимизни барқарор ривожлантиришга хизмат қилаётганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир. 

2016 йилда тижорат банкларининг умумий капитали 2015 йилга нисбатан 1,2 баробардан зиёдга кўпайиб, 9 триллион 400 миллиард сўмдан ошди. Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган тижорат банклари «Мудис», «Стандарт энд Пурс» ва «Фитч Рейтингс» сингари нуфузли халқаро рейтинг агентликларининг «барқарор» рейтинг баҳоларига эга. 

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётимизни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини оширишда тобора муҳим ўрин эгаллашида тижорат банкларининг ҳам ҳиссаси салмоқли бўлмоқда. 2016 йилда банк муассасалари томонидан кичик бизнес субъектларига қарийб 16 триллион сўм миқдорида кредитлар ажратилган, бунда микрокредитларнинг улуши 3 триллион 300 миллиард сўмни ташкил этган. Айни пайтда ёш оилалар, тадбиркор аёллар, коллеж битирувчилари, оилавий бизнес ва ҳунармандликни қўллаб-қувватлаш учун тижорат банклари томонидан 2016 йилда 2 триллион сўмдан ортиқ кредитлар ажратилган. 

– Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида нафақат мамлакатимиз, балки дунё тажрибасида нодир бўлган амалиёт – тижорат банклари ходимларининг юртдошларимиз хонадонларига келиб, уларни тадбиркорликка жалб қилиш юзасидан бевосита мулоқотлар ўтказиши йўлга қўйилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарма бошлиғи ўринбосари Мухтор Шоназаров. – Учрашувлар мобайнида юртдошларимизга чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, мева-сабзавот етиштириш, иссиқхоналар ташкил қилиш сингари йўналишларда кредит ажратиш тизими соддалаштирилгани, имтиёзлар жорий этилгани маълум қилинди. Банк ходимлари томонидан ушбу фаолият турларининг намунавий бизнес-режалари тақдим этилди. Натижада жорий йилнинг биринчи чорагида тижорат банклари томонидан мазкур йўналишда қарийб 1 триллион 500 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди. 218 мингдан зиёд иш ўрни ташкил этилди. 

“Халқни тадбиркор қилиш” шиори остида ўтказилаётган жорий кўргазмада мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган тижорат банклари, нобанк кредит ташкилотлари, етакчи суғурта, лизинг, ахборот технологиялари компаниялари томонидан таклиф этилаётган маҳсулот ва хизматлар намойиш этилмоқда. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Хотин-қизлар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Ҳунарманд” уюшмаси сингари кичик бизнес субъектлари, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш йўналишида банк тизими билан яқин ҳамкорлик қилиб келаётган ташкилотлар ҳам иштирок этмоқда. 

Кўргазмада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, тадбиркор аёллар ҳамда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган таълим муассасалари битирувчиларига банк хизматлари ҳақида маълумот ва тавсиялар беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

– “Ипотека-банк” акциядорлик тижорат банки ходимлари мамлакатимиздаги 340 мингдан зиёд хонадонга келиб, аҳоли ўртасида кредит олиш шартлари, керакли ҳужжатлар, тадбиркорликни бошлаш юзасидан тушунтиришлар олиб борди, – дейди банк бошқарма бошлиғи Исмоил Туропов. – Тадбиркорликни бошламоқчи бўлган фуқароларга бизнес лойиҳалари тақдим этиш билан бирга қисқа фурсатда кредитларни расмийлаштириш борасида ҳам ишлар олиб борилмоқда. Ўтказилган тадбирлар ва суҳбатлар асносида 32 минг 700 дан ортиқ юртдошимиз тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган бўлса, уларнинг 20 мингга яқинига имтиёзли шартлар асосида 117 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди. 

Қишлоқ жойларда тадбиркорликни ривожлантиришда ички имкониятлардан самарали фойдаланиш, кичик бизнес субъектларини сифатли, қулай, ишончли ресурслар билан таъминлашда тижорат банклари томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Чунончи, «Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банкининг мамлакатимизда қуёнчиликни молиявий қўллаб-қувватлаши билан 57 қуёнчилик агрофирмаси ташкил этилиб, Италиядан гўштга боқиладиган 1 минг 500 зотдор қуён келтирилди. Бугунги кунга келиб уларнинг сони 15 мингдан ошди. 

Кўргазмада банк-молия секторининг анъанавий иштирокчилари билан бир қаторда янги молия муассасалари ҳам қатнашмоқда. Улардан бири, 2016 йилнинг ноябрь ойидан Фарғона вилоятида ўз фаолиятини бошлаган “Мадад Инвест Банк” хусусий акциядорлик тижорат банки аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш бўйича ўзига хос режага эга. 

– Биз одамларга нафақат қорамол ёки парранда харид қилишда молиявий кўмак кўрсатиш, балки уларни парваришлаш учун зарур барча инфратузилмани яратиб бермоқчимиз, – дейди “Мадад Инвест Банк” хусусий акциядорлик тижорат банки департамент директори Алишер Акбаров. – Бунда биз лизинг берувчи, қурилиш корхоналари билан ҳамкорликда фуқарога шахсий бизнесини тўлиқ шакллантириб берамиз. Режамизда аҳоли яшаш пунктларига яқин жойларда зарур хомашё базаларини ҳамда етиштирилаётган маҳсулотларни хорижга экспорт қилишга хизмат қиладиган харид шохобчаларини барпо қилиш ҳам ўрин олган. 

Тадбир давомида тижорат банклари томонидан чекка ва аҳоли зич жойлашган туманларда фаолият юритаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, ишлаб чиқариш микрофирмалари, деҳқон-фермерлар, ёш тадбиркорларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича ўтказилган танловлар ғолиблари аниқланди. Уларга имтиёзли кредит ажратиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди. 

– «Хизмат кўрсатиш соҳасидаги энг яхши лойиҳа» танлови ғолиби бўлдик, – дейди «Эффект консалтинг» МЧЖ менежери, Тошкент давлат аграр университети тўртинчи курс талабаси Нурислом Садаев. – Дастурий таъминот, консалтинг хизматлари соҳасида уч йилдан бери фаолият кўрсатаётган кичик корхонамизга кўрсатилган бундай рағбат биздан янада масъулият билан ишлашни талаб этади. 

Кўргазмада тижорат банклари, вазирлик ва идоралар мутахассислари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари билан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, соҳага татбиқ қилинаётган имтиёз ва преференциялар, тадбиркорликнинг янги турларига бағишланган давра суҳбатлари, семинарлар, тақдимотлар, учрашувлар ўтказилади. 

 

Беҳзод Бозоров, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА 

Манба: ЎзА

Поделиться