Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Битирувчилар учун меҳнат ярмаркаси
2017-04-12 | Таълим
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университетида меҳнат ярмаркаси ва “Карьера кунлари” ташкил этилди.
Унда 50 га яқин ташкилот ва муассаса вакиллари ўз фаолиятларини ёритувчи буклетлар, календарлар, рекламалар, баннерлар, брошюралар билан иштирок этди.
Университет ректори Р.Абдуллаев ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ёшларга пухта билим бериш ва уларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши учун барча шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ёшларга оид давлат сиёсатини янада такомиллаштириш, меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мувофиқ юқори малакали кадрларни тайёрлаш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилган.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1999 йили ташкил этилган Тошкент ислом университетини тамомлаган мутахассислар мамлакатимиз ҳаётининг турли жабҳаларида хизмат қилмоқда.
– Таълим даргоҳимизда ёш авлоднинг ўзлари танлаган касб сирларини пухта эгаллаши ва етук мутахассис бўлиб улғайиши учун қулай шароитлар яратилган, – дейди университет проректори И.Усмонов. – Ўқув аудиториялари, кутубхона ва ахборот-ресурс маркази зарур адабиётлар, компьютерлар ҳамда бошқа жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган. Истеъдодли ва изланувчан ёшлар муносиб қўллаб-қувватланмоқда. Талабаларнинг ишга жойлашиши учун амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Ушбу ярмаркада талабалар таклиф этилаётган бўш иш ўринлари, меҳнат шароити, ишга жойлашиш учун қўйиладиган малака талаблари ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлди.
Жорий ўқув йилида университетни ислом тарихи ва манбашунослиги, диншунослик, дин социопсихологияси, жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар, информатика ва ахборот технологиялари, миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими йўналишларида 136 бакалавр, диншунослик, исломшунослик, дин психологияси, хорижий мамлакатлар иқтисодиёти ва мамлакатшунослик йўналишлари бўйича 25 магистр тамомлайди.
Тадбирда талабалар турли ташкилотлар вакиллари билан суҳбатда бўлди, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Натижада иш берувчилар ва битирувчилар ўртасида юзга яқин шартнома имзоланди.
Манба: ЎзА