2017 йилнинг 3-7 апрель кунлари Самарқанд вилояти Давлат санитария-епидемиология назорати маркази негизида Ҳалқаро атом энергияси агентлиги (ҲАЕА) кўмагида йирик оммавий тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш даврида радиациявий ва ядровий хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирларига бағишланган ўқув курси ўтказилди.
Ушбу тадбирда ҲАЕА экспертлари Э. Палади (Австрия), А. Карлос (Бразилия), Р. Душ-Сантос (Бразилия) ва Ю. Склянчук (Украина)лар ўргатувчи-йўриқчи сифатида, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда Давлат божхона қўмитаси ходимлари эса ўрганувчилар сифатида иштирок этишди.
Ўқув курси мавзуга оид маърузалар, семинарлар, гуруҳли амалий ва дала ўқув машғулотлари шаклида ўтказилди.
Ядровий ва радиациявий терроризм таҳдидининг долзарблиги ошиб бораётганлигини инобатга олган ҳолда, республикамизда ўтказиладиган йирик оммавий тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш давомида радиациявий хавфсизликни таъминлаш тегишли вазирлик ва идораларнинг асосий вазифаларидан бирига айланмоқда.
Бу борада ҲАЕАнинг узоқ йиллар давомида тўплаган бой тажриба, малакали экспертлар ҳамда замонавий қурол-аслаҳаларга эга эканлигини хисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан ушбу ташкилот билан радиациявий хавфсизликни таъминлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш борасида 2017 йилга алоҳида режа ишлаб чиқилган ва ижрога қаратилган.
Ушбу режага мувофиқ йил давомида бир қатор ўқув курслари ва семинарлар, уларда олинган билим ва кўникмаларни амалда синовдан ўтказиш учун эса намунавий махсус-тактик ўқув машқи ўтказиш режалаштирилган.
Самарқанд шаҳрида ўтказилган ўқув курси иштирокчилари ҳам келажакда аҳоли ва ҳудудларнинг ядровий, радиациявий хавфсизлигини таъминлашга қаратилган фаолиятлари учун зарур бўлган назарий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлдилар, десак муболаға бўлмайди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги