Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Туркманистон киноси кунлари бошланди
2017-04-12 | Маданият
Алишер Навоий номидаги Кино саройида Туркманистон киноси кунлари бошланди.
«Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директори О.Мусаев ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар барча соҳалар қатори маданият ва санъат йўналишида ҳам изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил март ойида Туркманистонга давлат ташрифи доирасида кўплаб ҳужжатлар қатори 2017-2019 йилларга мўлжалланган маданий-гуманитар ҳамкорлик дастури ҳам имзоланди.
Кино кунлари К.Аннанов ва В.Ишангулиев режиссёрлигидаги «Ат-мират» фильми намойиши билан бошланди. Фильм ҳар бир туркман йигитининг орзуси – ахалтеке отлари ҳақида. Бош қаҳрамон Мардон тиришқоқлиги ва иродаси туфайли улоқларда ғолиб чиқади, ҳақиқий йигит бўлиб шаклланади. Томошабин инсон ва табиат ўртасидаги узвийликдан завқ туйиб, матонат, меҳр ва меҳнатнинг қудратига яна бир бор амин бўлади.
– Ўзбекистон халқи билан асрий урф-одатларимиз, орзу-умидларимиз муштарак, – дейди Туркманистон телевидениеси кино ишлаб чиқариш бўлими бош координатори, кино ва театр актёри Тойгелди Оллоёров. – Кино кунлари доирасида тақдим этилаётган фильмлар воқеалари, қаҳрамонларнинг ҳис-кечинмалари ўзбек халқига ҳам таниш. Келгусида бундай маданий тадбирлар, фестивалларни янада кўпайтириш, ҳамкорликда фильмлар суратга олиш ниятидамиз.
«Ўзбеккино» миллий агентлиги ва «Туркманфильм» бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилган кино кунлари давомида «Ат-мират» фильмидан ташқари машҳур шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган «Махтумқули», ахалтеке отлари тасвирланган «Копетдағ – аскарнинг орзуси» ва «Сайис», оила ва муҳаббат мавзуидаги «Қумли келин қўшиқлари», «Муҳаббат мероси» каби фильмлар намойиш этилади.
Фестиваль доирасида туркманистонлик киноижодкорлар турли вазирлик ва идораларда учрашувлар ўтказади.
Манба: ЎзА