Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Сувдан оқилона фойдаланиш – давр талаби

2017-04-12 | Иқтисодиёт

Тошкент ирригация ва мелиорация институтида «Глобаллашув шароитида сув хўжалигини самарали бошқариш муаммолари ва истиқболлари» мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. 

Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари, Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро фонди, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти, Швейцария элчихонаси ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, "Ўздавсувхўжаликназорат" инспекцияси, Ўзбекистон аудиторлар палатаси, Ўзбекистон катта тўғонлар миллий қўмитаси ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда олимлар иштирок этди. 

Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари Ш.Ҳамроев, Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вице-министри Н.Нисанбаев, Тожикистон энергетика ва сув ресурслари вазирининг биринчи ўринбосари С.Раҳимзода, Туркманистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Г.Байжанов, Швейцария элчихонаси вакили Тьерри Умбер, Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси илмий-ахборот маркази директори А.Духовний ва бошқалар глобаллашув шароитида сув хўжалигини самарали бошқариш, қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш ҳамда атроф-муҳит муҳофазасини таъмин этувчи иқтисодий механизмларни жорий этишнинг назарий ва амалий жиҳатлари давлатлар ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашини алоҳида таъкидлади. 

Сув ресурслари дунё мамлакатлари учун нафақат аҳоли, саноат ва суғориладиган деҳқончиликни оби-ҳаёт билан таъминлайдиган манба, балки ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, қолаверса, бутун минтақанинг экологик мувозанатини сақлаб турувчи муҳим омилдир. Мамлакатимизда ҳам қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини диверсификация қилиш бўйича пахта, шоли каби сувни кўп талаб қилувчи экинлар қисқартирилиб, ўрнига бошоқли дон, сабзавот-полиз экинлари ва боғ-узумзорлар майдони кенгайтирилмоқда. 

Ўз навбатида, сув хўжалиги иншоотларини ишлатиш ва замонавийлаштиришга давлат бюджетидан кўп маблағ ажратилмоқда. Мисол учун, кейинги ўн йилда сув хўжалиги соҳасини ривожлантиришга давлат капитал маблағлари ҳисобидан йилига қарийб 500 миллиард сўм йўналтирилаётганлиги ва унинг миқдори сўнгги 10 йил давомида 5 баробарга ортганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бундан ташқари, чет эл инвестицияларини жалб этишга эътибор қаратилмоқда. Қатор йирик молия институтлари, халқаро ҳамкор ташкилотлар ва агентликлар каби донорларнинг инвестициялари иштирокида умумий қиймати қарийб 1,5 миллиард долларга тенг бўлган йирик лойиҳалар амалга оширилди. Натижада фойдаланилаётган сувларнинг умумий миқдори ўтган асрнинг 80-йилларига нисбатан йилига 64 миллиард метр кубдан ўртача 51 миллиард метр кубгача камайди. 

– Мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши кўп жиҳатдан табиий ресурсларга, хусусан, сув ресурсларига боғлиқ. Аграр соҳа, қолаверса, иқтисодиётнинг етакчи тармоғи бўлган саноат ривожланиши ҳам сув ресурслари билан таъминланганлик ва улардан фойдаланиш ҳолати билан бевосита боғлиқдир, – дейди Германия халқаро ҳамкорлик жамияти Марказий Осиёда сув ресурсларини трансчегаравий бошқариш дастури раҳбари Каролина Милов. – Қозоғистон ва Ўзбекистон билан ҳамкорлик доирасида 2009 йилдан буён 20 дан ортиқ лойиҳани амалга оширдик. Туркманистон билан янги лойиҳалар бошлаш арафасидамиз. Мазкур лойиҳалар самарасида инсонларнинг яшаш шароити яхшиланишига кўмак бермоқдамиз. Бу борадаги фаолиятимизни келгусида янада кенгайтириш ниятидамиз. 

– Ташкилотимиз Марказий Осиё давлатлари Президентлари ташаббуси билан 1992 йилда ташкил этилган, – дейди Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси илмий-ахборот маркази директори В.Духовний. – Ўтган йилларда биз минтақада сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида ҳамкорлик қилиб келдик. Бизни келажак кўпроқ ташвишга солмоқда. Бутун дунёда иқлимнинг исиши оқибатида Помир ва Тяншань музликларининг жадал эриб бораётгани сув танқислигини ортга сурди. 2020 йилга бориб Амударё ва Сирдарё бошидаги тоғ музликларининг ҳажми қисқариши кутилмоқда. Бу аҳолининг кундалик ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш учун қўшимча ресурсларни топишни талаб этади. Бу борада ҳаммамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз шарт. 

Конференцияда сув хўжалигидан самарали фойдаланиш, сув тақчил ва трансчегаравий ҳудудларда замонавий бошқарувни жорий этиш, сув хўжалиги тизими учун замонавий менежерларни тайёрлашнинг истиқболли йўналишлари, сув хўжалиги бошқарувида иктисодий самарадорликни таъминлашнинг янгича ёндашув ва тенденциялари, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив, суғориш тармоқларининг техник ҳолатини яхшилаш ва замонавий сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш каби масалалар муҳокама қилинди. 

Конференция иштирокчилари Тошкент ирригация ва мелорация институтининг ўқув-лаборатория базаси, ахборот-ресурс маркази ва ер-сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида ишлаб чиқилган сув тежамкор техника ва технологиялар кўргазмаси билан танишди.

Манба: ЎзА

Поделиться