Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мактабгача таълим муассасасида китоб марафони
2017-04-11 | Таълим
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши ёшларда болалигидан китобга меҳр уйғотиш, китобхонлик маданиятини шакллантириш борасида олиб борилаётган ишларда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг асосий кутубхонаси ташаббуси билан пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 145-мактабгача таълим муассасасида «Бир болага беш китоб» шиори остида ташкил этилган китоб марафонида бу алоҳида таъкидланди.
Ушбу мактабгача таълим муассасасида 400 га яқин ўғил-қиз замонавий шароитларда таълим-тарбия олмоқда. Муассасада тасвирий санъат, мусиқа, бошланғич математика, жисмоний тарбия, оғзаки нутқ, инглиз тили, ўқиш-ёзиш бўйича ўқув-амалий машғулотлар йўлга қўйилган.
Яқинда бу ерда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг асосий кутубхонаси кўмаги билан кутубхона ташкил этилди. Зиё маскани ихчам кўринишдаги китоб жавонлари, каталог қутилари, мутолаа столлари, замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланди. Болажонлар тарбиячи опалари, ота-оналари билан келиб, вақтини мазмунли ўтказмоқда. Кутубхона хизматидан мазкур муассаса тарбияланувчиси бўлмаган болалар ва уларнинг ота-оналари ҳам фойдаланиши мумкин.
Марафонда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, маҳалла фаоллари, ота-оналар ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналари, мутафаккирлар ҳаёти ва фаолияти, аждодларимизнинг маънавий жасорати, қаҳрамонликларига бағишланган кўплаб китобларни кутубхонага совға қилди.
Бир нечта эртак китобларини қучоқлаб олган қизалоқ эътиборимизни тортди. Унинг исми Мухлиса бўлиб, мазкур таълим муассасаси тарбияланувчиси экан.
– Қизим олти ёшда бўлса-да, ўқиш-ёзишни ўрганиб олган, – дейди унинг онаси Шаҳло опа. – Эртак китобларни мен билан бирга мутолаа қилади. Қизимга туғилган кунида, байрамларда болалар адабиётига хос китобларни совға қиламан. Китоб дўконларини ҳам бирга айланамиз. Кичик ёшданоқ китобга ошно бўлган боланинг нутқи равон, тафаккури кенг, зеҳни ўткир бўлади.
Жажжи ўғил-қизлар тайёрлаган қўшиқ ва рақслар гулдастаси тадбирга байрамона кайфият бағишлади.
Манба: ЎзА