Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимиз тараққиётида янги босқични бошлаб берди
2017-04-10 | Жамият
"Ижтимоий фикр" жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг навбатдаги сўровномаси Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси мазмун-моҳиятидан фуқароларнинг хабардорлик даражасига бағишланди.
Сўровномада иштирок этган аксарият фуқаролар Ҳаракатлар стратегияси халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада яхшилаш ва мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришда муҳим ҳужжат, деб ҳисоблайди.
Ижтимоий тадқиқот жамият ҳаётининг барча соҳаларида юз бераётган туб ўзгаришлар аҳоли манфаатларига жавоб бераётганини, ислоҳотлар одамларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш билан бирга, тафаккурини ҳам ўзгартираётганини кўрсатган.
79,9 фоиз респондентлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятини яхши билишини таъкидлаган.
“Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ўз вақтида қабул қилинган ҳужжат, деб ҳисоблайсизми?” деган саволга иштирокчиларнинг аксарияти (83,5 фоиз) ижобий жавоб берган.
«Сизни ўйлантираётган муаммолар Ҳаракатлар стратегиясининг қайси устувор йўналишларида ўз аксини топган?» деган саволга респондентларнинг кўпчилиги Стратегиядаги барча йўналишлар давлат ва жамият ҳаётида янги ривожланиш босқичини бошлаб беради, ўзларини қийнаётган муаммоларни самарали ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади, деб ҳисоблайди.
Давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятининг самарадорлиги ва ошкоралиги бўйича респондентларнинг фикри ўрганилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилиниши мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳаётимизда халқ билан мулоқот қилиш, адолат ва ҳақиқат тамойилларини қарор топтиришда янги босқични бошлаб берди. Президентимизнинг «Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир», деган ҳаётбахш сўзлари бугун Халқ қабулхоналарига кираверишда катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилган. Фуқаролар фикрича, давлатимиз раҳбарининг ушбу сўзлари ҳар бир юртдошимиз учун энг муҳим вазифа бўлиши керак.
Фуқаролар ҳокимиятнинг ижроия органлари фаолиятидан турли даражада қониқиши сўровнома натижаларида акс этган. Ҳар иккинчи респондент ҳокимият ижроия органлари ишидан мамнун, ҳар учинчиси – қисман рози, 12,1 фоизи – рози эмас.
Иштирокчилар ҳокимият ижроия органлари раҳбарлари фаолиятининг фуқароларга очиқлигини ҳам турлича баҳолаган. 40,7 фоиз респондентга кўра, барча маълумотлар очиқ ва етарли. Қатнашчиларнинг 33,9 фоизи ҳамма фуқаролар учун ҳам маълумотлар ошкора эмас, деб ҳисоблайди.
Сўровномада иштирок этганлар яхши маошли иш топиш, ойлик маошни вақтида олиш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишда қатор қулайликлар яратилганини, пенсионерлар, ногиронлар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини ижтимоий ҳимоя қилиш, аҳолини электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш хизматлари юқори даражага кўтарилганини маълум қилган.
Фуқаролар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва у асосида қабул қилинаётган давлат дастурлари олиб борилаётган барча ислоҳотлар сифатини янада оширишда, давлат ва жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларини модернизация қилиш ва либераллаштиришда, аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтиришда асосий дастуриламал бўлишига, инсон манфаатларига хизмат қилишига ва уларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этишда катта ёрдам беришига ишонмоқда.
Манба: ЎзА