2017 йилнинг 7 апрель куни Тошкент шаҳрида Марказий Осиёнинг беш давлати ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Кайрат Абдрахманов, Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев, Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Сироджидин Аслов, Туркманистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Вепа Хаджиев Марказий Осиё минтақасидаги ҳолат, ҳамкорликнинг долзарб йўналишлари, жумладан халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги алоқалар ҳамда мавжуд умумий муаммолар ечимларини биргаликда ишлаб чиқиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов очгач, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон делегациялари раҳбарлари сўзга чиқдилар.
Йиғилиш иштирокчилари Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Кайрат Абдрахмановнинг БМТ Хавфсизлик Кенгашида олиб борилаётган ишлар ҳақидаги ахборотини ҳам тингладилар.
Фикр алмашиш чоғида мазкур шаклдаги вазирлар учрашуви барча учун фойдали эканлигини тасдиқланди.
Йиғилиш якунида Марказий Осиё ТИВ раҳбарларининг шу каби форумларини мунтазам равишда ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги