Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳуқуқий маданият – муҳим омил
2015-02-27 | Жамият
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясининг энг муҳим босқичи Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти изчил давом этмоқда.
Сайловолди ташвиқоти Президентликка номзодлар ва сиёсий партиялар учун жиддий синов ҳисобланади. Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилигида сайловолди ташвиқоти билан боғлиқ ҳуқуқий асослар мустаҳкамланган бўлиб, ушбу жараённинг тенг шароитда, адолат, очиқлик ва ошкоралик мезонлари асосида олиб борилиши тўлиқ кафолатланган. Хусусан, "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги, "Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида"ги ва бошқа қонун ҳужжатларида сайловолди ташвиқотини амалга ошириш ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинган.
Наманган муҳандислик-педагогика институтида ўтказилган аҳолининг сайловга оид ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш масалаларига бағишланган семинарда жорий йилнинг 29 март куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг демократик тамойиллар асосида юқори савияда ўтишини таъминлашга қаратилган ташкилий ва ҳуқуқий тайёргарлик ишлари ҳақида сўз борди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва Президент сайловини ўтказувчи 6-Наманган округ сайлов комиссияси томонидан ташкил этилган тадбирда "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлимлари, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши вакиллари, вилоят, шаҳар ва туман хотин-қизлар қўмиталари фаоллари, фуқаролар йиғинлари раис ҳамда маслаҳатчилари, участка сайлов комиссиялари аъзолари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда Марказий сайлов комиссиясининг вазифаси, халқаро сайлов стандартлари ва мамлакатимиз сайлов қонунчилигидаги ўзгартишлар, фуқаролик жамияти институтларининг сайлов жараёнидаги ўрни, сайлов кампаниясининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг роли, сайловга оид қонунларнинг мазмун-моҳияти, сайлов жараёнида қонунийликни таъминлаш, овоз бериш жараёнини ташкил этиш масалалари бўйича маълумот берилди.
– Аҳолининг сайловга доир ҳуқуқий ва сиёсий билимларини ошириш, жараёнлардан бевосита хабардор этиш, яъни сайловнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс, – дейди 6-Наманган округ сайлов комиссияси матбуот маркази раҳбари М.Мирзокиров. – Округ сайлов комиссияси томонидан вилоятда фаолият кўрсатаётган босма даврий нашрлар, вилоят телевидение ва радиоси билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Семинар иштирокчиларининг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
Манба: ЎзА