Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Кексаларни эъзозлаш – барчамизнинг фарзандлик бурчимиздир

2015-02-27 | Жамият

Мамлакатимизда 2015 йил Кексаларни эъзозлаш йили, деб эълон қилиниши муносабати билан Давлат дастури қабул қилинди

Кексаларни ҳурмат қилиш, уларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш жамиятимизнинг ўзига хос юксак маънавий ва маданий белгисидир. Ўзбек халқига азалдан хос бўлган бундай юксак фазилатлар истиқлолимизнинг дастлабки йилларидан мамлакатимизда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган иқтисодиётни ислоҳ этиш ва янгилаш бўйича беш тамойилга асосланган тараққиётнинг "ўзбек модели" мамлакатимиз истиқболини тубдан ўзгартириш йўналишларини белгилаб берди. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий базага асосланган ишончли тизимни шакллантириш эса ушбу моделнинг асосий йўналишларидан биридир. Зеро, инсон, унинг ҳаёти ва орзу-умидлари давлатимизнинг доимий диққат эътиборида бўлиб келмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2007 йил 19 мартда қабул қилинган "Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ва мустаҳкамлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони ва 2011 йил 30 майдаги "2011-2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича аниқ йўналиш ҳамда вазифалар белгилаб берилган. Мазкур ҳужжатлар пенсия ёшидаги фуқаролар, Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийларининг фаровонлигини таъминлаш, ҳаёт даражаси ва сифатини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Ижтимоий соҳанинг изчил такомиллаштириб борилаётгани Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганидан ёрқин далолат беради. Иқтисодиётимизнинг жадал ва барқарор ривожлантирилаётгани аҳоли турмуш даражаси ва сифатини муттасил оширишга асос бўлиб хизмат қилмоқда. Бунинг самарасида ўтган йили мамлакатимизда ёши улуғ инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат бюджетидан 11 триллион 618 миллиард сўм пенсия, 105 миллиард сўмдан зиёд нафақа пули ажратилди. Ҳар йили уруш қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилганларга бепул тиббий хизмат кўрсатилмоқда, улар санаторий-курортларда даволанмоқда, бошқа зарур воситалар билан таъминланмоқда.

Таъкидлаш жоизки, нодавлат ташкилотлар, ижтимоий тузилмалар ҳам кекса авлод вакилларига моддий ҳамда маънавий ёрдам кўрсатмоқда ва бу борадаги ишлар кўлами мунтазам кенгайиб бораётир. Масалан, ўтган йили кекса ёшдаги фуқаролар ҳаётини янада яхшилаш бўйича амалга оширилган ишларда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, "Ўзфармсаноат" давлат акциядорлик концерни, "Дори-дармон" акциядорлик компанияси, «Нуроний», «Маҳалла» жамғармалари, «Камолот» ЁИҲ ва бошқа ташкилотлар фаол иштирок этди. Уруш ва меҳнат фахрийлари ушбу ташкилотлар кўмагида Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз, Тошкент ва мамлакатимизнинг бошқа шаҳарларида саёҳатда бўлди, амбулатория ва стационар даволаш муассасаларида даволанди, санаторийларда саломатлигини тиклади.

Мамлакатимизда ёши улуғ инсонларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун барча шароит яратилмоқда. Зеро, улар юртимизда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, Ватанимизнинг иқтисодий салоҳияти юксалишига катта ҳисса қўшган.

Жорий йилда ҳам ижтимоий соҳани ривожлантириш, ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни, кам таъминланган оилаларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда. Президентимизнинг 2014 йил 13 октябрдаги "1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ва 2015 йилнинг мамлакатимизда Кексаларни эъзозлаш йили, деб эълон қилиниши ушбу йўналишда янги ташаббусларни бошлаб берди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 18 февралдаги қарори билан тасдиқланган "Кексаларни эъзозлаш йили" Давлат дастурида жорий йилда амалга ошириладиган хайрли ишлар белгилаб берилган. Мазкур дастур кексаларнинг ҳаётини янада яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, ёши улуғ инсонлар, айниқса, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларига ижтимоий, пенсия таъминоти ва тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, оила ва жамиятда, ёшларни халқимизнинг кўп асрлик қадрият ва анъаналари руҳида тарбиялашда кексаларнинг ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган.

Олти бўлимдан иборат ушбу дастурда кексаларга ғамхўрлик кўрсатиш ва эътиборни кучайтириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга қаратилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш кўзда тутилган. Бу борада ишлаб чиқилаётган ҳужжатларга мувофиқ, пенсия таъминоти ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ёши улуғ инсонларга давлат хизматлари, жумладан, турли маълумотнома ва тасдиқловчи ҳужжатларни олиш хизматлари кўрсатишнинг энг қулай тизимини шакллантириш режалаштирилган.

Кексалар, авваламбор, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш кучайтирилади, ёши улуғ инсонлар, биринчи навбатда, ёлғиз қариялар ва ногиронларга кўрсатиладиган ижтимоий ва маиший хизматлар рўйхати кенгайтирилади. Уларни фаровон ва муносиб турмуш шароитлари билан таъминлаш учун маҳаллалар, "Нуроний" жамғармаси, бошқа нодавлат ташкилотлари ва ижтимоий тузилмалар томонидан моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўлами кенгайтирилади.

Мисол учун, бу йил 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларининг ҳар бири мамлакатимизда ишлаб чиқарилган телевизор ва мобиль телефонлар билан бепул таъминланади, уларга маҳаллий ва шаҳарлараро чиқиш қўнғироқлари учун ҳар ой абонент тўлови олинмасдан 60 дақиқалик бепул лимит берилади. Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари мамлакатимиздаги санаторий-соғломлаштириш муассасаларига бориш учун йилига бир марта темир йўл транспортида бепул юриш ҳуқуқидан, шунингдек, ҳаво транспортида 50 фоиз миқдоридаги чегирмадан (бориш-келиш) фойдаланиши мумкин.

Давлат дастурида фахрийлар ва ёши улуғ инсонларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш, уларни тизимли асосда соғломлаштиришни ташкил этиш, профилактика тадбирларини кўпайтириш, даволашнинг замонавий усуллари билан қамраб олиш ва улардан фойдаланишни кенгайтириш, кексалар ва ногиронларни ёрдамчи ҳамда техник реабилитация воситалари билан, жумладан, имтиёзли асосда таъминлаш, кексаларга хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган санаторий-соғломлаштириш ва ижтимоий хизмат кўрсатиш муассасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Жумладан, жорий йилда 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фахрийларини Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ҳамда республика давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг санаторий-соғломлаштириш муассасаларида бепул соғломлаштириш ташкил қилинади.

Бундан ташқари, бу йил ёши улуғ инсонлар кинотеатр, театр, музей, концерт томошалари ва бошқа маданий-маърифий тадбирларга бепул бориш имкониятига эга бўлади. 100 ва ундан катта ёшдаги кишиларни улуғлаш учун «Аср билан юзма-юз» акцияси ва бошқа шу каби тадбирларни ташкил этиш режалаштирилган.

Кексаларнинг ҳаёт фаолияти ва дам олишини ташкил этиш тизимини янги босқичга кўтаришга доир ишлар самарадорлиги оширилади, улар учун туман ва маҳаллаларда қизиқиши бўйича клублар ташкил этиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилади. Шуниси диққатга сазоворки, барча маҳаллаларда отахонлар чойхоналари ташкил этилади ва уларда зарур шароитлар яратилади. Одатда чойхонада маҳалла аҳли бир пиёла чой устида суҳбатлашиш, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш, шахмат-шашка ўйнаш учун тўпланади. Энди бу ерда улар биргаликда телевизор орқали махсус кўрсатувлар, спектакль ва фильмлар томоша қилиши мумкин. Жорий йилда кексалар учун мўлжалланган бундай томошалар тайёрлаш янада кўпаяди.

Маҳаллалар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ташкилий тузилмасида кексалар ва ногиронларга доимий эътибор қаратадиган сектор мустаҳкамланади, бунда уларга хизмат кўрсатадиган идоралар, биринчи навбатда, пенсия, ижтимоий ва тиббий хизмат кўрсатувчи идоралар фаолияти мувофиқлаштириб борилади.

Ёлғиз ва ижтимоий ёрдамга муҳтож кексалар учун «Кексалар дуосини олайлик» акциясини ўтказиш ва тадбир доирасида уларни зарур мебель ва уй жиҳозлари, кийим-кечак, бадиий адабиёт, стол ўйинлари тўпламлари билан таъминлаш режалаштирилган.

"Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин" шиори остида тадбирлар ўтказиш мўлжалланган. Бу тадбирлар доирасида ҳар бир вилоятдан кекса авлод вакилларини мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойлари билан таништириш учун саёҳат уюштириш, "Энг яхши маҳалла гузари", "Кексалар – оила таянчи" ҳудудий кўрик-танловлари ўтказилади.

"Кексаларни эъзозлаш йили" Давлат дастурида белгиланган ушбу хайрли ишларни амалга ошириш учун 2 триллион 246,5 миллиард сўм ва 229,6 миллион доллар ажратиш кўзда тутилган.

Бугунги дориломон кунларда умргузаронлик қилаётган фахрийларни ҳурмат қилиш, эъзозлаш, уларга эътибор қаратиш барчамизнинг фарзандлик бурчимиздир. Президентимиз Ислом Каримовнинг "Ўзбекистон Республикаси фуқаролари – 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини "Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги" эсдалик юбилей медали билан мукофотлаш тўғрисида"ги фармони ҳам кексаларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир ёрқин тасдиғи бўлди. Ушбу фармон фашизм устидан қозонилган Ғалабага бебаҳо ҳисса қўшган юртдошларимиз – 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини муносиб ҳурмат-эҳтиром билан шарафлаш мақсадида қабул қилинди.

Инсон жасоратини эсга олиш ва уни қадрлаш бебаҳо маънавий бойлик, ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайдиган қадриятларимиздан биридир. Давлатнинг куч-қудрати нафақат унинг армияси билан, балки мамлакатда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, фуқароларнинг аҳиллиги, ҳамжиҳатлиги, ватанпарварлиги, ёши улуғ инсонларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлигида ҳам намоён бўлади. Зеро, бу муқаддас замин – Ўзбекистонда инсон азиздир.

Мамлакатимизда кексаларни ҳар томонлама рағбатлантиришга доир амалга оширилаётган чора-тадбирлар улар учун нафақат моддий, айни пайтда катта маънавий-руҳий мададдир. Юртимизда бундай ҳурмат, эътибор ва ғамхўрлик учун чуқур миннатдорлик туйғуси фуқароларимизнинг тинч ва осуда ҳаёти, эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишончида, ёш авлодни Ватанга, мустақилликнинг буюк ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда ўз ифодасини топмоқда.

Манба: ЎзА

Поделиться