Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Диққат, танлов!
2016-06-28
“Халқ сўзи” ҳамда “Народное слово” газеталари таҳририяти “Энг яхши мақолалар ва фотосуратлар” танлови давом этишини маълум қилади.
Шу кунларда мамлакатимизда энг улуғ ҳамда энг азиз айём — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг қутлуғ йигирма беш йиллигини муносиб кутиб олишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Бу эса ҳар биримизни жонажон Ватанимиз тараққиётига салмоқли ҳисса қўшишга ундаши, шубҳасиз. Шу маънода, танловга тақдим этиладиган материаллар ва фотосуратларда 25 йил мобайнида Ватанимизнинг ривожланишига йўналтирилган улкан ислоҳотлар ҳамда бунёдкорлик фаолиятининг муҳим босқичлари тўлақонли тасвирланиши лозим. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаси ҳамда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгилаб берилган устувор йўналишлар рўёбига бағишланиб йўлланган мақолалар, ҳикоялар, лавҳалар, суратлар юртимизда барча соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда уларнинг самарасини кўрсатиш, қолаверса, ибратли ишларни йўлга қўйган фидойи замондошларимиз сиймосини тасвирлашдек эзгу мақсадга қаратилиши мақсадга мувофиқдир.
Тақдим қилинадиган материаллар ҳаётий, ўқишли, лўнда ва ихчам бўлиши лозим.
Танловга материаллар қуйидаги тартибда қабул қилинади:
— муаллифлик ҳуқуқи учинчи шахсга берилмаган ҳамда бошқа оммавий ахборот воситаларида жойлаштирилмаган муаллифлик мақолалари (электрон ёки А4 форматдаги қоғозга чоп этилган нусхада);
— 2016 йилда jpeg форматда RGB ранглар текислигида суратга олинган, юқори сифатга эга ва камида 2000 пиксель ўлчовдаги фотосуратлар электрон нусхаларда қабул қилинади. Тасвирларда рамкалар, ёзувларга йўл қўйилмайди. Фотосуратлар қисқа ҳамда ишончли имзо билан тўлдирилиши керак.
Ижодий ишларни қабул қилиш 2016 йилнинг 1 декабригача давом этади.
Танловда қатнашиш учун материаллар ва фотосуратларга муаллиф ҳамда унинг профессионал фаолияти тўғрисидаги маълумот, паспорт нусхаси ва телефон рақамлари илова қилиниши лозим. Энг яхши мақолалар ҳамда суратлар “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида чоп этилади. Танлов натижаларини кўриб чиқишнинг сўнгги босқичида ҳакамлар ҳайъати томонидан мақолалар ҳамда фотосуратларнинг уч нафар энг яхши муаллифи эълон қилинади. Улар махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
“Танлов учун материаллар” белгиси остидаги ижодий ишлар “Халқ сўзи” ҳамда “Народное слово” газеталари таҳририятига қуйидаги манзил бўйича юборилади: 100000, Тошкент шаҳри, Матбуотчилар кўчаси, 32-уй ёки info@xs.uz -электрон почтаси.
Телефонлар: (0-371) 233-52-55, 233-10-28.
Манба: «Халқ сўзи»