2022-08-30
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 августдаги ПҚ-340-сон қарорига мувофиқ, “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда ҳурматли меҳмонларимиз – Республика Маърифат тарғиботчилар жамияти аъзоси, юридик фанлари доктори, профессор Феруза Муҳиддинова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Зулфия Мўминова ҳамда Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова иштирок этдилар.
Тадбирни Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича вазир маслаҳатчиси в.в.б. – Обиддин Маҳмудов кириш сўзи билан бошлаб берди. Нотиқ ўз нутқида Президентимиз раҳнамолигида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз ” бош ғояси асосида олиб борилаётган ишларнинг мазмун-моҳиятини тушунтирар экан, юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари халқни рози қилиш, инсон қадрини улуғлашга йўналтирилганлигини, бу борада иқтисодий ислоҳотларнинг Ватан равнақи йўлидаги аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг профессор Феруза Муҳиддинова сўзга чиқиб, аввал Ўзбекистоннинг мустақилликка эришишда босиб ўтилган йўли, буюк тарихимиз ҳақида тўхталди. Истиқлолга эришганимиздан кейинги дастлабки йилларда “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат” эканлиги, у амалда миллий ғоя вазифасини ўтаётгани ва халқни бирлаштиришда, сафарбар этишда катта рол ўйнашини айтди. Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари бораётган Янги Ўзбекистонда учинчи ренессанс – мустақиллигимизнинг очиқ эшиклари даври бошланганини алоҳида қайд этди.
Шундан сўнг тадбир иштирокчиларига Янги Ўзбекистоннинг янги тарихи ёритилган видеоролик намойиш этилди.
Шоира Зулфия Мўминова “Болага китоб беринг” шеъри билан тадбирни давом эттириб, Янги Ўзбекистоннинг мустақилликка эришганидан кейинги иқтисодиётида эришган ютуқлари, давлатимиз раҳбарининг ташаббускорлиги билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, Янги Ўзбекистон – инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қадрланадиган юрт эканлиги, мамлакатимиз жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорликка жадал киришаётгани пировард мақсад эса халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборатлигини таъкидлаб ўтиди.
Театр ва кино актрисаси Гавҳар Зокирова ўз чиқишларини Зулфия Мўминованинг шеъри билан давом эттирар экан, Мустақиллик, аввало, Ватан тинчлигидан бошланиши, Ватан эса кичик оила эканлигини билдирди. Унинг Ватан меҳри тараннум этилган шеърлари тадбир иштирокчиларига ғоят манзур бўлди.
Тадбир якунида ташриф буюрган меҳмонлар ва қатнашчилар ўртасида қизиқарли савол-жавоб ўтказилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги