Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз
2022-08-23
Асрий орзуларнинг ёрқин тантанаси
Ҳамма билади дунёда 205 тадан зиёд давлат бор. Ҳар бирида ўнлаб элу элатлар яшайди. Урф-одат ва анъаналари турфа. Ҳар бирининг ўз миллий ўйин ва кўнгилочар мусобақа турлари мавжуд. Аммо саноқли халқларгагина миллий қадрияти бўлган халқ ўйини ва мусобақасини халқаро спорт тури даражасига кўтариш насиб этган.
Агарки, инглизлар қайсидир ёт ҳукмрон кучларнинг ё давлатнинг мустамлакаси бўлганда бугун дунёдаги энг жозибали ўйин футбол ёки қизиқарли спорт тури бўлган бокс шу даражада жаҳонни қамраб ола билармиди?
Кичик оролда катта давлат туза олган самурайлар авлоди японларнинг ақл-заковати, кучли иродаси бўлмаганда дзюдо ва каратэни бу қадар жаҳон бўйлаб оммалаштира олармиди?
Албатта, ҳар бир янгиликнинг кенг қулоч ёйиши сўзсиз жамиятдаги узгаришлару ва бу эврилишларни амалга оширишга азму қарор қилган, умрини бахшида эта оладиган буюк шахслар, интеллектуал салоҳиятга эга кучларни бирлаштира билган ғояга боғлиқ.
Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Янги Ўзбекистон – янги имкониятлар, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш, Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари тамойилларининг жорий этилиши ҳам айни тарихий заруратнинг юзага келганлигини идрок эта билиш, ҳис қила олиш йўлида жонфидолик қилаётган, яратувчанлик ишқи билан жушаётган халқ қалбининг хоҳиш-иродасидир.
Бугун ифтихор билан айтаётганимиз Мустақил Ўзбекистон мадҳияси жаҳон майдонларида баралла янгрармиди? Ҳур байроғимиз Олимпиада ва жаҳон чемпионатларида олов қалб спортчиларимиз ғалабаси шарафига сарбаланд бўлармиди?
Дарвоқе, спортдаги ҳаракатлар. Ўзбекистон Мустақиллигининг 31 йиллик шодиёналарига тобора яқинлашганимиз сари 31 йил аввалги жисмоний тарбия ва спортдаги ҳолатимиз ва бугунги даражамиз кўз олдимизга келаверади.
Ўзбекистон Мустақиллигининг илк йилларида биргина Ўзбек курашини халқаро майдонга олиб чиқиш, унинг қамровини кенгайтириш масаласига давлат томонидан алоҳида эътибор қаратилган, моддий ва маънавий қўллаб-қувватланган бўлса, кейинчалик унинг сафига белбоғли кураш, турон, ўзбек жанг санъати, улоқ-кўпкари каби ўйинлар қўшилди. Ҳозирда қатор олимлар, мутахассислар яна бир нечта халқ ўйинларининг спорт терминологиясини ишлаб чиқиш борасида изланишлар олиб бормоқдаки, бу ҳам халқимизнинг маънавий мероси нақадар бойлигидан далолат.
Президентимиз жорий йил январь ойининг сўнгги кунларида ўтказган видеоселектор йиғилишида “Янги Ўзбекистонни барпо этишда иккита мустаҳкам устунга, яъни бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт ҳамда аждодларимизнинг бой мероси, миллий ва умумбашарий ғояларга асосланган кучли маънавиятга таянамиз. Маънавият – жамиятдаги барча сиёсий-ижтимоий муносабатларнинг мазмуни ва сифатини белгилайдиган пойдевордир”, дея таъкидлагандилар.
Ҳақиқатан шундай. Бугун халқимиз маънавиятининг муҳим бўғини бўлган халқ ўйинлари, унинг сарчашмаларидан яралган миллий спорт турларимиз, уларнинг халқаро майдондаги ривожига давлат даражасида эътибор қаратилаётганлиги, қўллаб-қувватланаётганлиги шундан.
Биргина кураш спорт турининг ривожи борасида 1991 йиллардан ҳаракатлар бошланган бўлса, 2018 йилга келиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг алоҳида эътибори туфайли ўзбек спорти – кураш Осиё ўйинлари мақомига расман кўтарилди.
Ўтган 3-4 йил оралиғида биргина кураш спорт турини ривожлантириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, халқаро майдондаги обрў-эътиборини ошириш борасида ҳукумат миқёсида бир қатор тарихий қарорлар қабул қилинди, дастурлар, режалар, “йўл хариталари” ишлаб чиқилди. Мазкур тарихий ҳужжатлар туфайли курашни янада ривожлантиришнинг мустаҳкам иқтисодий ва маънавий пойдевори яратилди.
Нега бундай фикр юритяпмиз? Очиғи, курашни ривожлантириш ишлари бундан 20 йиллар муқаддам бошланган бўлса-да, ушбу спорт турининг мамлакатдаги ваколатли ташкилоти – Ўзбекистон кураш федерациясининг на маблағи, на муқим маскани бор эди. Нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида фаолият кўрсатар, бу жойда меҳнат қилган ходимлар ойлаб, баъзан йиллаб маошсиз қолиб кетар, бу эса кадрлар қўнимсизлигига, миллий спорт тури ривожига салбий таъсир кўрсатарди. Бугун-чи?
Бугун Ўзбекистон кураш федерацияси ўз бошқарув органига, вилоят, туман бўлимларидан иборат, моддий ва маънавий таъминотга эга кучли спорт федерациялардан бирига айландики, бу миллий спортимизни нафақат янги ривожланиш босқичига кўтарилишига балки, юртимизда “Полвонлари кўп юрт – қудратли бўлур”, “Кураш миллий ғуруримиз” тамойиллари асосида тизимли тарзда жойларда кураш клублари ва тўгараклари фаолияти йўлга қўйилишига ҳам замин яратди. Шу сабабли ҳудудлардаги ўнлаб ёш тренерлар ишли бўлди, минг-минглаб ўсмир ёшлар спорт машғулотлари билан қамраб олинди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон кураш федерацияси томонидан ишлаб чиқилган режага асосан юртимизнинг барча гўшаларида “Прокурор кубоги”, “Ҳоким кубоги”, “Маҳалламиз полвонлари” каби мусобақалар, чемпионатлар ташкил этилиши асносида хорижий мамлакатларда кураш бўйича “Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун” халқаро турнирлар ўтказила бошланди.
Жорий йил давомида Германия, Болгария, Туркия, Франция каби давлатларда ўтган кураш мусобақалари орқали миллий санъатимиз, халқ амалий санъати, ҳунармандчилик дурдоналари, миллий таомларимиз кенг жамоатчиликка армуғон этилди. Минг-минглаб хорижликлар ўзбекона лутфдан, меҳмондўстликдан баҳра олди. Жонажон ватанимизга чет мамлакатларда қизиқиш, ҳурмат ошди.
Айни ҳолатларнинг ўзи Мустақиллигимизнинг, асрий орзуларимизнинг ёрқин тантанаси бўлди. Бу, юртимизда “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” ғоясининг ҳаётбахш эканлигининг яна бир ифодасидир.
Юқорида айтганимиз, инглизлар мустақил бўлгани, японлар қатъият кўрсатгани туфайли ўз қадриятларини умумбашар мулкига айлантира олди.
Бугун биз, ўзбекистонликлар ҳам курашни спорт тури сифатида жаҳоннинг энг оммавий жисмоний машғулотларидан бири бўлиши учун катта йўлга чиққанларданмиз. Бу йўл, унинг довонлари нақадар машаққатли эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Аммо манзил нурли ва виқорли. Энг муҳими, унинг пойдевори Янги Ўзбекистон тамойили асосида мустаҳкамланмоқдаки, бу янги ғалабаларни, янги юксалишларни бошлаб келиши, шубҳасиз.
Зотан, давлатимиз раҳбари эътироф этганларидек, “...пойдевор қанча мустаҳкам бўлса, халқимиз ҳам, давлатимиз ҳам шунча кучли бўлади. Фақатгина мана шундай заминга таянган ҳолда биз юртимизда Учинчи Ренессанс асосларини барпо эта оламиз”.
Ота-боболаримиздан мерос курашнинг спорт тури сифатида Олимпия ўйинлари тизимидан жой олиши йўлида қилинаётган ишлар, дунёнинг кўплаб мамлакатларида оммавий спорт тури мақомига эга бўлиши учун амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар Учинчи Ренессанс асослари яратилаётганлигидан эмасми?
Тўлқин РЎЗИЕВ
Манба: ЎзА