Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз
2022-08-03
Куни кеча давлатимиз раҳбари яна бир муҳим ҳужжат — “Ўзбекистон Республикасининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Миллий мустақиллигимиз эл-юртимиз учун жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаб, ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш, шунингдек, ҳаётнинг турли соҳа тармоқларида кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратиб, эришаётган барча ютуқ ва марраларимизнинг асосий пойдевори бўлиб келмоқда.
Сўнгги йилларда барча мамлакатларда коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқироз, кескин қарама-қаршилик ва зиддиятлар туфайли юзага келган ғоят оғир ва мураккаб вазиятда мард ва олижаноб халқимиз билан Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва жаҳонга тараннум қилиш бўйича муҳим натижаларни қўлга киритаётганлигимиз, бу ютуқлар халқаро жамоатчилик томонидан эътироф этилаётганлиги, энг асосийси халқимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ўзгариб, ислоҳотлар самарасини кундалик ҳаётида ҳис қилиб яшаётганлиги алоҳида эътирофга лойиқ.
Жорий йилда бўлиб ўтадиган мустақиллик байрами “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган бош ғояни ўзида мужассам этиши, ўйлайманки, ҳар бир инсонга ўзгача куч ва ғурур, ифтихор бағишлайди. Қарор билан Республика комиссияси тузилди. Мустақиллик байрами Қорақолпоғистон Республикаси, мамлакатимизнинг барча вилоят ва туманларида, қишлоқларида, овулларида юқори даражада ўтказилишини таъминлаш ва уларга кенг жамоатчиликни жалб этиш белгилаб берилди.
Бундан ташқари байрам арафасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга, кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож бўлган инсонларнинг холидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ ҳайрия тадбирлари амалга оширилади.
Юртимизда бу каби қилинаётган эзгу ишлар замирида инсон қадри янада юксалаётганлиги ва уларнинг қадри ва қадди кўтарилаётганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Мустақиллик — буюк неъмат. Уни асраб-авайлаш эса ҳар биримизнинг бурчимиздир!
Ислоҳотлар шиддат билан кетаётган юртда ишлаш ва яшаш янада ёқимли ва тотли. Катта йўлда карвонбоши бўлиб кетаётган юртбошимиз изидан кетаётганлигимиз бизга катта куч ва ғурур, ифтихор бағишлайди.
Мавжуда ҲАСАНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси