2021-08-26
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Маьнавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти, Республика Маьнавият ва маьрифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда жорий йил 26 август куни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” мавзуидаги давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбатида Вазирлик марказий аппарати департамент, бошқарма ва бўлимлари ходимлари иштирок этди. Шунингдек, Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари, аксиядорлик компаниялари, жамиятлари, корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбар ҳамда ходимлари видеоконференсалоқа кўринишида қатнашди.
Тадбирда, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси Маьнавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти бош мутахассиси Ф. Ҳаитов, Республика Маьнавият ва маьрифат маркази тарғиботчилар гуруҳи аьзоси, юридик фанлар доктори, профессор Ф. Муҳиддинова ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аьзолари шоир Абдумажид Азим ҳамда шоира Фароғат Худойқуловалар иштирок этди.
Давра суҳбати давомида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Ж.Махсудов иштирокчиларни Она Ватанимиз истиқлолининг 30 йиллиги билан самимий қутлаб, ўтган давр мобайнида Вазирлик томонидан телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, рақамли иқтисодиёт, электрон ҳукумат ва ИТ соҳага малакали кадрларни тайёрлаш бўйича амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар, қўлга киритилган ғалабалар ҳақида қисқача маьлумот берди.
Шунингдек, меҳмон қатнашчилар томонидан Ўзбекистон Республикасининг мустақилликка эришиш тарихи, ўтган 30 йил давомида амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар, айниқса, сўнгги беш йил ичида қўлга киритилган ютуқлар, шу кунларда бутун мамлакат бўйлаб мазкур сана муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида ўтказилаётган тадбирлар, Ўзбекистондаги маьнавий-маьрифий ишлар, истиқлол даврида ижодкорларга, хусусан ёзувчи ва шоирларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар ва адабий жараёнлар тўғрисида маьрузалар қилинди.
Шоирлар Фахриддин Ҳайит, Абдумажид Азим ҳамда Фароғат Худойқуловлар ўзларининг Ватан, мустақиллик, инсонийлик, меҳр-оқибат тўғрисидаги шеьрларини ўқиб эшиттирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги