Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Веломарафонга старт берилди, фарғоналик отахонлар Самарқандга қараб йўлга чиқишди
2021-03-31
Фарғоналик бир гуруҳ нуроний ва отахонлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини аҳоли орасида кенг тарғиб этиш мақсадида Фарғона вилоятидан Самарқанд шаҳригача велосипедда йўлга чиқишга қарор қилишди.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғоясини ўзида мужассам этган тарғибот-ташвиқот тадбирлари доирасида улар бугун эрталаб Фарғона вилояти Қўштепа тумани Маданият марказидан йўлга чиқишди.
Веломарафонда фарғоналик 27 нафар нуроний ва отахонлар иштирок этишмоқда. Улар соатига ўртача 20 км масофани босиб ўтган ҳолда бугун кечга томон Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрига кириб боришни режалаштирган.
Фарғоналик отахонлар 4 апрель куни кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрига етиб боришни мақсад қилишган. Улар эртага Тошкент шаҳрига етиб келади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги