Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Танлов
2019-12-10
Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасидаги инновацион лойиҳалар танловининг 15-тури эълон қилинади
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги билан ҳамкорликда Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилиши икки йилга мўлжалланган инновацион лойиҳалар танловининг 15-турини қуйидаги фан йўналишлари бўйича эълон қилади:
Танлов топшириқлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва қарорлари, Президентнинг республика ҳудудларига ташрифлари, маъруза ва нутқларида белгиланган вазифалар, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва йиғилиш баённомалари топшириқлари ҳамда давлат, хўжалик бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари таклиф ва тавсияларидан келиб чиқиб, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани инновацион ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва вазифалари асосида шакллантирилган.
Тақдим этиладиган лойиҳалар www.fan-portal.uz веб-саҳифаси орқали электрон рўйхатдан ўтказилиши шарт. Электрон рўйхатдан ўтмаган, танлов мавзусидан ташқари мавзуларда тайёрланган лойиҳалар танловга қабул қилинмайди.
Қоғоз шаклида тақдим этилган лойиҳалар илмий-тадқиқот институтларининг илм-фан бўйича директор ўринбосарлари, олий таълим муассасаларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлари томонидан тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари имзолаган йўлланма хати асосида қабул қилинади.
Лойиҳа матни А4 форматдаги стандарт қоғоз варағининг икки томонида жойлашиши ва қоида тариқасида 1,15 қатор оралиғида ёзилиши лозим. Ҳар бир бет юқоридан ва пастдан 2 см; чапдан 3 см; ўнгдан 1,5 см ҳошияга эга; хатбоши 1,27 см га тенг ва бир хилда бўлиши лозим.
Матнни компьютер воситасида босиб чиқаришда «Тimеs Nеw Rоmаn» 12 ўлчамли шрифтда «Мiсrоsоft Wоrd» матн редакторидан фойдаланиш тавсия қилинади.
Бетлар титуль варағидан бошлаб охирги вараққача изчил кетма-кетликда рақамланади. Бетнинг тартиб рақами варақнинг пастки ўнг бурчагида 2 рақамидан бошлаб ёзилади. Титуль варағига 1 рақами қўйилмайди.
Лойиҳа ҳар бир талаб қилинган ҳужжати ва бошқа таркибий қисмлари янги бетдан расмийлаштирилади.
Лойиҳа раҳбари ва иштирокчиларининг мезонларда талаб қилинган илмий ишлари рўйхати (охирги 3 йил давомидаги нашрлар қуйидаги хронологик тартибда келтирилиб, изчил кетма-кетликда рақамланади: монография, патент, илмий мақола, илмий тўпламлар ва бошқа нашр ишлари) 3.4-шаклга қатъий риоя қилинган ҳолда расмийлаштирилади ва муаллиф, илмий котиб томонидан имзоланади ва ташкилот муҳри билан тасдиқланади.
Электрон рўйхатдан ўтказилган лойиҳалар 2019 йилнинг 30 декабрига қадар шанба ва якшанба кунларидан ташқари ҳар куни соат 10:00 дан 18:00 гача вазирлик биносида қабул қилинади.
Тақдим этилган лойиҳалар танлов талабларига қатъий риоя қилинганлиги, лойиҳа материалларининг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги, кўчирмачиликка (плагиат) йўл қўйилмаганлиги, талаблар асосида шакллантирилганлиги бўйича дастлабки техник экспертизадан ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 июлдаги ПҚ-3855-сон қарорига мувофиқ Давлат илмий-техника дастурлари доирасида бажарилган амалий ва инновацион тадқиқотлар натижалари улар якунланганидан сўнг тўлиқ тижоратлаштирилиши шарт.
Тақдим этиладиган лойиҳаларга тегишли вазирлик ва идоралардан лойиҳа мавзуси, унинг бажарилиши ва ундан кутилаётган натижалар Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг тармоқ ва соҳаларини ривожлантириш учун зарурлиги таъкидланган ҳамда ташкилот Илмий (илмий-техник) кенгашлари томонидан тавсия этилганлиги ҳақидаги қароридан кўчирма илова қилиниши лозим.
Танлов ўтказилишининг объективлиги, адолатлилиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида лойиҳаларни қабул қилиш, экспертизасини амалга ошириш, махсус белгиланган хоналарда видеокузатув воситалари (камералар) орқали ёзиб олинади.
Тақдим этилган лойиҳалардаги маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги ҳамда танлов ғолиблари томонидан илмий-техник лойиҳаларнинг натижадорлиги, тижоратлаштириш даражаси, танлов дастурлари вазифаларида белгиланган, кутилаётган натижаларни тўла ва ўз вақтида сифатли бажарилишига илмий лойиҳа раҳбарлари, илмий лойиҳани бажарувчи ташкилот раҳбарлари ва тегишли юқори турувчи ташкилотларнинг масъул ходимлари жавобгар ҳисобланадилар.
Белгиланган муддатда фан йўналишлари бўйича электрон ва қоғоз шаклларда тақдим этилмаган лойиҳалар танловга қабул қилинмайди. Танловга битта лойиҳа келиб тушган тақдирда қайта танлов эълон қилинади ва натижаси бўйича агар лойиҳа келиб тушмаса, дастлаб келиб тушган лойиҳа раҳбари билан музокара ўтказилиб, салоҳиятига кўра ИТКга чиқарилади.
Дастлабки техник экспертизадан ўтмаган лойиҳалар танловнинг кейинги босқичига тавсия этилмайди.
Эслатма: Танловга тақдим этилган лойиҳаларнинг натижалари тўғрисидаги маълумот www.mininnovation.uz веб-сайтида “Танловлар” рукнининг “натижалар” интерфаол хизмати орқали эълон қилинади.
Инновацион ривожланиш вазирлиги танловга тақдим этилган лойиҳалар ва уларнинг натижалари тўғрисида индивидуал маълумот беришга мажбур эмас.
www.fan-portal.uz веб-саҳифаси орқали электрон рўйхатдан ўтказилиши билан боғлиқ техник муаммолар юзасидан саволлар: Ахборот технологияларини жорий этиш бўлими
(71) 203-32-23 (620, 621).
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги