Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг эълони
2018-05-18
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 майдаги “Прокуратура органлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5438-сонли Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси ташкил этилди.
Ҳозирги пайтда Академиянинг самарали фаолият юритишини таъминлаш бўйича ишлар ташкиллаштирилмоқда.
Мазкур тадбирлар доирасида очиқлик, адолатлилик ва холислик принциплари асосида танлов бўйича саралашнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида Академиянинг бўш лавозимларига номзодларнинг танлови бошланганлиги эълон қилинади.
Фармон талабларига кўра Академия ходимларига Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа рағбатлантирувчи қўшимча ҳақ ва устамаларни ўз таркибига олувчи лавозим маошига 100 фоиз миқдорда ҳар ойлик қўшимча устама татбиқ этилади.
Академия ходимларига прокуратура ходимлари учун назарда тутилган барча имтиёзлар, моддий ва ижтимоий мухофаза чоралари қўлланилади.
Фармонда Академияни қуйидаги соҳалар бўйича тегишли касбий салоҳиятга эга малакали кадрлар билан тўлдириш назарда тутилган:
- прокурорлик фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш; суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш; жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисидаги қонунлар ижроси устидан назорат; қонунчилик ижроси устидан назоратни ташкил этиш; судларда прокурор ваколатини таъминлаш; иқтисодий жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашишни ташкил этиш йўналишлари бўйича ҳуқуқ фанларини ўқитиш(номзодларга талаблар: юриспруденция бўйича магистр даражаси, олий таълим муассасалари ёки давлат бошқаруви органларида камида 7 йил иш стажи, ўқитишнинг инновацион шакл ва услубларини қўллаш кўникмалари ва тажрибасига эга бўлиш, давлат тилини мукаммал билиш; рус ва инглиз тилларини билиш ҳамда фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (Doctor of Science) даражаларига эга бўлиш афзаллик беради);
- ўқув жараёнини ташкил этиш ва назорат қилиш (номзодларга талаблар: олий юридик ёки педагогик маълумот, олий таълим муассасаларида кўрсатилган йўналиш бўйича камида 5 йиллик иш стажи, ўқитишнинг инновацион шакл ва услубларини ташкил этиш кўникмалари ва тажрибасига эга бўлиш, давлат тилини мукаммал билиш; рус ва инглиз тилларини билиш афзаллик беради);
- электрон (масофавий) таълимни ташкил этиш (номзодларга талаблар: олий маълумот, кўрсатилган йўналиш бўйича таълим соҳасида камида 5 йиллик иш стажи, ўқитишнинг инновацион шакл ва услубларини ташкил этиш кўникмалари ва тажрибасига эга бўлиш, давлат тилини мукаммал билиш; рус ва инглиз тилларини билиш афзаллик беради);
- тил ўргатиш (номзодларга талаблар: лингвистика соҳасида олий маълумот, инглиз ёки рус тилларида мукаммал оғзаки ва ёзма нутқ кўникмаларига ҳамда равон ва тўғри талаффузга, йўналиши бўйича камида 5 йиллик иш стажи, ўқитишнинг инновацион шакл ва услубларини қўллаш кўникмалари ва тажрибасига эга бўлиш, давлат тилини мукаммал билиш);
- ҳуқуқий муаммоларни илмий-амалий ва инновацион тадқиқ қилиш ҳамда илмий ходимларни тайёрлаш (номзодларга талаблар: фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (Doctor of Science) илмий даражалари, олий таълим, илмий-тадқиқот муассасалари ёки бошқа давлат органларида камида 10 йил иш стажи, илмий-тадқиқот олиб бориш тажрибасига эга бўлиш, давлат тилини мукаммал билиш; рус ва инглиз тилларини билиш афзаллик беради);
- прокуратура органлари фаолиятини психологик таъминлаш (номзодларга талаблар: психология йўналиши бўйича олий маълумот, соҳаси бўйича камида 5 йиллик иш стажи, илмий-тадқиқот олиб бориш тажрибасига эга бўлиш, давлат тини мукаммал билиш; рус тилини билиш афзаллик беради);
- таҳририй-ноширлик фаолияти (номзодларга талаблар: олий маълумот (журналистика ёки лингвистика соҳасига афзаллик берилади), кўрсатилган йўналиш бўйича камида 5 йиллик иш стажи, таҳрирлаш ва корректорлик кўникмаларига эга бўлиш, ўзбек ва рус тиллари имло қоидаларини мукаммал билиш; инглиз тилини билиш афзаллик беради);
- бухгалтерия ҳисоби (номзодларга талаблар: иқтисодиёт йўналиши бўйича олий маълумот, бюджет ташкилотларининг молия-бухгалтерия соҳасида шу жумладан, раҳбарлик лавозимларида камида 7 йиллик иш стажига эга бўлиш);
- моддий-техник таъминот (номзодларга талаблар: олий маълумот, бюджет ташкилотларининг моддий-техник таъминоти соҳасида шу жумладан, раҳбарлик лавозимларида камида 5 йиллик иш стажига эга бўлиш);
- ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш (номзодларга талаблар:ахборот-коммуникацион технологиялар соҳаси бўйича олий маълумот, кўрсатилган йўналиш бўйича камида 5 йиллик иш стажи, корпоратив тармоқлар ва маълумотлар базаси администраторлиги, веб-дизайнерлик иш тажрибасига эга бўлиш; дастурлаш бўйича тажрибага эга бўлиш афзаллик беради).
Номзодларга кўрсатилган махсус малака талабларидан ташқари прокуратура органларига хизматга қабул қилиш бўйича барча номзодларга қўйиладиган умумий талаблар амал қилади.
Телефон рақамларини кўрсатган ҳолда резюмеларни academygp@umail.uz электрон манзилга жўнатишингизни сўраймиз.
Маълумот учун телефон: (0371) 233-82-73
Ариза топшириш муддати 2018 йил 30 майгача.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси