Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Давлат солиқ қўмитаси ишга таклиф этади
2017-11-27
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ хизмати органларининг раҳбарлик ва инспекторлик лавозимларига хизматга қабул қилиш ҳамда лавозимларига тайинлаш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 августдаги 677 сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ хизмати органларида хизматни ўташ тўғрисида»ги Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Солиқ органларида хизматга ёши, миллати, жинси, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ва мансаб мавқеидан қатъи назар, ўзларининг касб, ишчанлик, шахсий ва ахлоқий сифатларига, маълумоти даражасига ва саломатлигига кўра давлат солиқ органларига юкланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлашга қодир бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинадилар.
Давлат солиқ органларининг инспекторлар таркиби лавозимлари ўрта махсус даражадан кам бўлмаган иқтисодиёт, молия ёки юридик ихтисос бўйича маълумотга эга бўлган шахслар томонидан танлов асосида эгалланади.
Синов муддати билан ишга қабул қилинган ходимга юклатилган вазифаларни бажариши учун барча қулайликлар яратилади, яъни иш жойи, ички ва ташқи алоқа учун телефонлар, компютер ва бошқа техника воситалари, локал ва корпоратив алоқа, электрон почта хизматларидан фойдаланиш имкониятлари, канселярия жиҳозлари ва бошқа зарур ҳужжатлар.
Синов муддати билан ишга қабул қилинган ходимни ижтимоий муҳофазаси қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади, унинг манфаатлари касаба уюшмаси томонидан ҳимоя қилинади.
Ички меҳнат тартиби қоидаларида кўзда тутилган меҳнат шароитлари билан боғлиқ бўлган қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантириш тарздаги тўловлар, махсус унвон ва узоқ йиллар хизмат қилганлиги учун устама ҳақ тўлаб борилади.
Хизматга қабул қилинаётган ходимлардан солиқ тизимининг ўзига хос хусусиятларини ва солиқ идораларидаги тартиб қоидаларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 80 моддасида кўзда тутилган ҳужжатлардан ташқари бошқа қўшимча ҳужжатлар ҳам керак бўлади. Номзодни ўрганиш жараёнида номзоднинг шахсий жилди шакллантириб борилади ва унда қуйидаги ҳужжатлар бўлиши шарт:
- номзод тўғрисида қўлёзма шаклда тўлдирилган тўлиқ ва аниқ маълумотлар (сўровнома, таржимаи ҳол, ходимнинг яқин қариндошлари тўғрисидаги маълумот);
- паспорти ҳамда олий ёки ўрта махсус ўқув юртини тамомлаганлиги тўғрисида диплом нусхалари;
- 086 формадаги тиббий кўрик хулосаси;
- наркология, силга қарши курашиш диспансерининг маълумотномалари;
- яшаш жойидан маълумотнома;
- рангли фотосурат-штатлар жадвалидаги асосий лавозимдаги ходимлар таркиби учун 4 дона 4х5 ва 2 дона 9х12 ҳажмдаги фотосуратлар тақдим этилади.
Бўш лавозимлар бўйича эълонлар ушбу бўлимга жойлаштирилади.
Давлат солиқ хизмати органларидаги вакант лавозимлар рўйхати.
Бўш жойлар бўйича номзодлар ўзлари тўғрисидаги маълумотларни қуйидаги манзил орқали юборишлари мумкин:
Электрон почта манзили: org@soliq.uz, ёки почта манзили: 100011, Тошкент ш., Шайхонтоҳур тумани, А.Қодирий кўчаси 13 А уй.
Қўшимча маълумотлар учун қуйидаги телефонлар орқали мурожаат этиш мумкин:
Телефон: (0 371) 244 97-16
Факс рақами: (0 371) 244 89-12
Ишонч телефони: (0 371) 244 98-98
Давлат солиқ қўмитасига резюме юбориш тизимига кириб маълумотнома юборишингиз мумкин. Тизимга кириш.
Давлат ва бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида батафсил таърифлари ва шартлари билан жорий бўш иш ўринлари ҳақида маълумотларни Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан кўришингиз мумкин.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси