Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон мустақиллик йилларида эришган муваффақиятлар Афинада муҳокама этилди
2017-08-25
Мамлакатимизнинг Афинадаги бош консуллигида Ўзбекистоннинг замонавий ривожланиши, мустақил ривожланиш йиллари давомида қўлга киритган муваффақиятларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Грециянинг сиёсий, ижтимоий ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир қатнашчилари Ўзбекистонда рўй бераётган иқтисодий ўзгаришлар, мамлакатимиз иқтисодиётига сармоя киритиш ва бизнес юритиш учун яратилаётган қулай шароитлар, шунингдек, республикамиздаги ҳозирги иқтисодий вазият билан боғлиқ маълумотлар билан яқиндан танишдилар. Шу ўринда юртимизда хориж сармоядорлари учун яратилган сармоявий муҳитга алоҳида урғу берилди.
Мамлакатимиз сайёҳлик имкониятлари хусусида сўз юритилар экан, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тобора ортиб бораётгани, соҳанинг меъёрий-ҳуқуқий замини такомиллашаётгани ҳамда дам олиш индустриясининг инфратузилмаси ривож топаётгани алоҳида таъкидланди.
Тақдимотда сўзга чиққан Греция парламенти депутати Д.Камменос 2015 йилдаги мамлакатимиз бўйлаб сафари ҳақида тўхталар экан, қуйидаги фикрларини баён этди.
- Ўзбекистон иқтисодиёти жадал ривожланаётган давлатлар ўнлигига киради, - деди у. - Мустақил ривожланиш йиллари мобайнида республика тарихан қисқа муддат ичида юз йилга тенг бўлган тараққиёт йўлини босиб ўтди, деб айтсам сира муболаға бўлмайди. Ўзбекистон бугунги кунда жадал ривожланаётган давлат ҳисобланади. Мамлакат иқтисодиёти мустақиллик йиллари давомида қарийб 6 баробарга, аҳоли жон бошига аниқ даромадлар 9 баробарга ўсгани ҳам бу фикрнинг тасдиғидир.
- Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришларни грецияликлар катта қизиқиш билан кузатиб боришади, - деди “Athens Press” ахборот агентлиги журналисти К.Карамесинис. - Мамлакат эришган муваффақиятлар, шубҳасиз, юқори баҳога лойиқ. Мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлабоқ мамлакат иқтисодиётини босқичма-босқич модернизациялаш ва диверсификациялаш юзасидан муҳим ислоҳотлар амалга ошириб келмоқда. Юзага келган жозибали муҳит ҳамда сармоядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирлар капитал ётқизиш ҳажмларининг ўсишига кўмаклашди.
Ўз навбатида, грециялик журналист К.Сарухас Ўзбекистоннинг халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида олиб бораётган фаол ҳамкорлигига эътибор қаратди.
- Бундай ҳамкорлик мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи ошишига кўмаклашмоқда, - деди у. – Ҳозирги пайтда халқаро институтлар умумбашарий аҳамиятга молик долзарб масалаларнинг ҳал қилинишида республикага муҳим ва ишончли шерик сифатида қарашмоқда.
Греция Халқаро муносабатлар институти директори А.Андрианопулос фикр билдирганидек, бугунги кунда Ўзбекистон ташқи кредитлар асири бўлмаган кам сонли мамлакатлар сирасига киради. “Бу унинг мустақиллигини мустаҳкамламоқда. Республика сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда босқичма-босқич ислоҳотларни ҳаётга тадбиқ этиш асносида тўғри йўлни танлаб олди”, деди грециялик эксперт.
Мухтасар қилиб айтганда, тадбир иштирокчилари Ўзбекистоннинг демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида эришган муваффақиятлари нафақат мамлакат, балки бутун минтақа барқарорлигининг кафолати эканлиги юзасидан якдил фикр билдирдилар.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги