Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сунь Лицзе: "Ўзбекистон – улкан имкониятлар мамлакати"
2017-08-24
Хитой Ўзбекистоннинг ишончли ва фаол шерикларидан. Хитой компаниялари билан ҳамкорликда мамлакатимизда электр ва гидроэнергетика, нефть-газ, кимё саноати, ҳаво ва темир йўл транспорти инфратузилмасини модернизация қилиш каби йўналишларда 60 дан зиёд лойиҳа амалга оширилган. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда Хитой сармояси иштирокидаги 700 дан ортиқ компания ва корхоналар фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида ЎзА мухбири Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сунь Лицзе билан суҳбатлашди.
– Жорий йилнинг 12-13 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди. Ташриф чоғида эришилган келишувлар бугун қандай амалга оширилмоқда?
– Ўзбекистон Марказий Осиёдаги муҳим давлат, Хитойнинг минтақадаги яқин ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон – Хитой муносабатлари ҳамиша барқарор ва жадал ривожланиб келган.
Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитойга илк давлат ташрифи билан борди ва "Бир макон, бир йўл" халқаро ҳамкорлик форумида иштирок этди. Ташриф катта муваффақият билан якунланиб, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни янги тарихий босқичга олиб чиқди. Ташриф доирасида савдо-иқтисодий, сармоявий, нефть-газ, транспорт-коммуникация, туризм, гуманитар ва бошқа кўп соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича қатор келишувларга эришилди, кўплаб ҳужжатлар имзоланди. Хитой билан имзоланган ҳужжатлар сони ва салмоғи бўйича Ўзбекистон халқаро форумда иштирок этган мамлакатлар орасида биринчи ўринни эгаллади.
Ушбу ташриф доирасида эришилган келишувларнинг ижроси бошлаб юборилган. Хусусан, инфратузилмани такомиллаштириш, пахтани чуқур қайта ишлаш, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги ва фармацевтика соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Хитой компаниялари Ўзбекистонда дори-дармон ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирди. Иқтисодий-техникавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш, таълим, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маданият ва туризмни ривожлантириш ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Хитой Экспорт-импорт банки ва Хитой давлат тараққиёт банки энергетика, кимё, ирригация ва мелиорация, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш соҳаларидаги истиқболли сармоявий лойиҳаларни молиялаштиришда иштирок этмоқда.
Хитой Ўзбекистонда эркин ва кичик саноат зоналари ташкил этилишини қўллаб-қувватлаб, уларда қўшма корхоналарни ташкил этишни рағбатлантиради.
Бундан ташқари, Қоракўл инвестиция блокида газ конлари инфратузилма объектларини жиҳозлаш ишлари бошлаб юборилган. Ангрен шина заводи, PVC ишлаб чиқариш мажмуи, "Дўстлик" 1, 2 ва 3 насос станциялари, Шарғун кўмир шахтаси қурилиши бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, давлатларимиз раҳбарлари учрашувида эришилган келишувлар, режалаштирилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун барча имкониятларимизни ишга соламиз ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболларига тўла ишонч билдирамиз.
– Жорий йилнинг 14-15 май кунлари Пекинда "Бир макон, бир йўл" халқаро форуми бўлиб ўтди. Ўзбекистон билан Хитойнинг ушбу лойиҳа доирасидаги ҳамкорлиги истиқболлари ҳақида ўз фикрингизни билдирсангиз.
– «Бир макон, бир йўл» лойиҳаси икки йўналишда – қуруқлик орқали «Ипак йўли иқтисодий камари» ҳамда денгиз йўллари орқали «XXI асрнинг денгиз ипак йўли» транспорт коридорларини ташкил этишга қаратилган. Бундан асосий мақсад қадимий Ипак йўли руҳиятини қайта тиклаш асносида минтақавий иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, мамлакатларнинг транспорт инфратузилмаларини бирлаштириш, товар айирбошлаш учун қўшимча қулайликлар яратиш, маданий алоқалар, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашдир.
Транспорт коммуникациялари мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон «Бир макон, бир йўл» лойиҳаси, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестициялар жалб этиш, транспорт инфратузилмаларини ривожлантириш ишларини қўллаб-қувватламоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Пекинда бўлиб ўтган «Бир макон, бир йўл» форумидаги иштироки барча соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга улкан ҳисса қўшди. Бу бизни қувонтиради, албатта.
Ўзбекистоннинг барқарор ривожланаётган иқтисодиёти ва қулай географик жойлашуви мамлакатингиз билан ҳамкорлик қилишга бўлган қизиқишни орттирмоқда. Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли ва Қамчиқ туннели серқирра ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир. Бу стратегик жиҳатдан муҳим объектлар нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа, хусусан, Хитой ривожида алоҳида аҳамият касб этади.
Ўзбекистоннинг «Бир макон, бир йўл» лойиҳасидаги иштироки нафақат икки томонлама, балки ҳар томонлама ҳамкорликнинг кенгайишига хизмат қилади. Биз ўзаро ишонч ва дўстликка асосланган муносабатларни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз.
– 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳақида фикрингиз қандай?
– Ушбу Стратегия Ўзбекистоннинг ҳар томонлама ривожланиши учун ўта муҳим аҳамиятга эга. У халқаро ҳамжамият томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди.
Ҳаракатлар стратегияси ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, бошқа давлатлар билан савдо-иқтисодий, сармоявий алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун кенг имконият яратди. Унинг босқичма-босқич амалга оширилиши қўшни мамлакатлар билан муносабатларни янада мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни асраш, барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Хитой мамлакатингизда барча соҳалардаги кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди ва 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган ислоҳотларни амалга ошириш бўйича лойиҳаларда иштирок этишга тайёр. Мамлакатларимиз бундан кейин ҳам ривожланиш стратегияси руҳидаги алоқаларни мустаҳкамлашда давом этади, муҳим, бир-бирини тўлдирувчи ва улкан салоҳият мавжуд бўлган соҳаларда ҳамкорликни кучайтиради. Шунингдек, томонлар минтақадаги бошқа мамлакатлар билан биргаликда бутун минтақада хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш йўлидаги шерикликни кенгайтиришга тайёр.
– Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ўз сайтида (www.uza.uz) материалларни саккиз тилда, жумладан, хитой тилида ҳам жойлаштиради. Берилаётган ахборотларни кузатиб борасизми? Халқларимиз ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда ОАВнинг ўрни қандай?
– www.uza.uz сайти тезкор ва ишончли расмий ахборот манбаси ҳисобланади. Унда материаллар саккиз тилда, жумладан, хитой тилида ҳам чоп этилиши мени қувонтиради. Хитой ва Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари вакиллари ўртасида ўзаро ахборот ҳамда тажриба алмашишни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу халқларимиз ўртасидаги дўстлик муносабатлари юксак даражада эканлигидан далолатдир.
Оммавий ахборот воситалари халқаро муносабатларни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистонда жамият ҳаётида ОАВ ролини кучайтириш, журналистлар касб маҳоратини ошириш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 август куни ижодкор зиёлилар билан учрашуви бизда катта қизиқиш уйғотди. Учрашувда миллий маданият, адабиёт ва санъатни ривожлантиришнинг долзарб масалалари, шунингдек, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида ОАВ ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Давлатингиз раҳбари таъкидлаганидек, ўзбек халқининг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихи бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодлари бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликлари бор. Ҳавас қилса арзийдиган буюк келажаги, буюк адабиёти ва санъати ҳам албатта бўлади.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини яқинлашиб келаётган Мустақиллик куни билан муборакбод этаман. Улкан муваффақиятлар, тинчлик, хотиржамлик ва фаровонлик тилайман!
Манба: ЎзА